ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги инсон тана аъзоларини ноқонуний кўчириш ва савдо қилиш жиноятини содир этган шахсларга 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашни таклиф қилмоқда. Қонун лойиҳаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида халқ муҳокамасига қўйилган.
Қонун лойиҳасига кўра, инсон тана аъзоларини ёки тўқималари ажратиб олиш ва ажратиб олишга ундаган шахсларни озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллаш таклиф қилинган.
Оғирлаштирувчи ҳолатларда жиноятчиларни 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш, инсон ўлими ҳолатларида 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш таклиф этилган.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси 2017 йил 7 сентябрига қадар муҳокама қилинади.
Қонунни 2018 йил 1 январдан кучга киритиш режалаштирилган.
Ўтган ҳафтада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида қонун лойиҳаси умумуй муҳокамага қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.