ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида қонун лойиҳаси умумуй муҳокамага ҳавола этилган.
Қонун лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган.
Конун лойиҳаси 5 бўлим, 22 моддадан иборат.
Қонуннинг асосий мақсади — замонавий фан ва тиббиёт амалиёт ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар қайд этилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатлари, трансплантация органларини олувчи, тайёрловчи, сақловчи, транспортировка ва трансплантация қилувчи муассасаларга аниқлик киритилган.
Шунингдек, трансплантация қилинувчи органларнинг шарти ва тартиби белгиланган.
Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини кўчириб ўтказиш учун реципиентнинг розилиги шартлари келтирилган. Реципиент, шунингдек, тирик донорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳам аниқлик киритилган.
Қонун лойиҳасини ўқиб, соҳага дахлдор кишилар у ҳақдаги фикр мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари мумкин.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси 2017 йил 7 сентябрига қадар муҳокама қилинади.
Қонунни 2018 йил 1 январда кучга киритиш режалаштирилган.