ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик 40 яшар Дониёр Абдумажидов Тэнесси штатининг Нэшвилл шаҳрида отиб кетилган эди, деб хабар берган Американинг WSMV телеканали.
Полициячилар маълумотига кўра, эркак йўлнинг ҳаракатланиш қисмида бошидан ўқ еган ҳолатда топилган. Телеканалнинг хабар беришича, эркак АҚШга Грин-карта лотереяси орқали келган. Абдулмажидовнинг рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди бор эди.
Ўзбекистонликнинг вафот этганлиги тўғрисида маълумот Gofundme.com сайтида чоп этилган.
"Ҳурматли юртдошлар, шу кунларда бизнинг ҳамюртимиз Дониёр Абдумажидов бу дунёни тарк этди. Оллоҳ уни раҳматига олган бўлсин… Бизни қўллаб-қувватлаганларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз", — дейилади сайтда эълон қилинган хабарда.
Айни вақтда АҚШ полициячилари ушбу ҳодисани ўрганмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, Дониёр Абдумажидов Нэшвил шаҳридаги New York Pizza пицца ташувчи бўлиб ишлаган. Ҳодиса эркак автомобилида пицца ташиб юрганда юз берган.