ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Тошкентда ёнғинни эрта аниқлаш замонавий тизими жорий этилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Тошкент ИИБнинг Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходими хабарига кўра, янги тизим бир ой олдин ишга туширилган бўлиб, айни дамда изчил синовдан ўтмоқда. Пойтахтдаги энг баланд иморатлар устига ўрнатилган, узоқни кўра оладиган махсус камералар туну кун яқин атрофни кузатиб, ёнғинни имкон қадар эртароқ пайқаш имконини беради.
“Айни дамда биз учта ана шундай камера ўрнатдик. Улардан бири шаҳар ёнғин хавфсизлиги биноси томида, яна иккитаси эса “Пахтакор” метроси яқинидаги эски телеминорада ўрнатилган. Камералар ўрнатилганидан кейин биз учта ёнғинни эрта босқичида аниқлашга муваффақ бўлдик. Улардан айримларини биз ҳатто диспетчер хизматига қўнғироқ бўлмасдан аниқлашга муваффақ бўлдик. Ушбу нуқтаи назардан янги тизим ўзини тўлиқ оқлади ва ёнғин хавфсизлигини сақлашда иджобий натижалар кўрсатмоқдаю” – деди муасса вакили.
Мутахассис Тошкентда яна учта шундай камера ўрнатилиши режалаштирилаётганини хабар қилди. Унинг айтишига қараганда улардан бири “Чимён” магазини олдидаги кўп қаватли уйлардан бирининг томида, иккинчиси Юнусободдаги телеминорада ва учинчиси – Учтепа тумани ҳокимияти олдида пайдо бўлар экан.
Шундай қилиб, янги тизим миконияти бир неча баробар ошар экан. Манбаа айтишига қараганда ушбу тизим “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда ва бундан буён шаҳарда ана шундай камералар сони ошиб боради.
“Ёнғин аниқланганидан сўнг, хавф даражасига қараб, биз ФВ юз берган ҳудудга бир неча ўт ўчирув жамоаларини юборамиз. Барча ҳаракатлар марказий диспетчерлик пункти орқали назорат қилиб турилади. Ёнғин юз берган жой харитада белгилаб олинади. Бундай иш тизими фавқулодда вазиятларда ёнғин хавфсизлиги хизматининг тезкорлигини, ҳаракатчанлиги ва ёнғинга қарши курашиш имкониятини оширади”, — деди суҳбатдош.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда пойтахтда 20га яқин ўт ўчирувчи жамоалар бор. У ерда техниканинг умумий сони 200 тага яқинлашади.