Антон Курилкин
Ўзга сайёрага ташриф
Нейтрал ҳудуддан Ўзбекистон чегара пунктига ўтар экансан, ўзингни худди ўзга сайёрага тушиб қолгандек ҳис этасан. Божхона ҳудуди озода, мўъжазгина майсазор ётқизилган ва дарахтлар экилган — саҳронинг мутлақо акси. Бетон плиталардан бунёд этилган текис йўлга ҳар соатда автоцистерна сув сепади.
Бу ерда туристларга жуда яхши муносабатда бўлишади: менга кўринишидан оддий, лекин аслида қийинчилик туғдирадиган декларацияни тўлдиришда ёрдам беришди — ёнингдаги барча валюталарни, заргарлик буюмларини (ҳаттоки кумуш хочни ҳам) ва гаджетлар — телефон, ноутбук, фотоаппарат, плеер — барча-барчасини кўрсатиш шарт. Шахсий буюмларимни қўлда текширишмади — шунчаки рентген сканеридан ўтказишди. Оддий турист эканлигимни билишгач, ортиқча савол беришмади.
Ўн дақиқадан сўнг штамп урилган хорижга чиқиш паспортимни ушлаганча дўстларимни кутардим. Уларнинг ҳам божхонадан ўтиши кўпга чўзилмади, фақат уларнинг юкларини синчиклаб текширишгани боис озгина ушланиб қолишди.
Чегарачиларнинг одамларга бўлган эътибори ва яхши муносабати ҳам ҳайратга солди — елкасига автомат осган оддий аскарлар ҳам, офицерлар ҳам ёнимга бир неча марта келишиб нега бу ерда турганимни сўраб, бирор ёрдам керак бўлса айтишим мумкинлигини таклиф қилишди. Ҳаммаси жойида эканлигини билишгач, ўз ишлари билан банд бўлишди.
Барчамиз жам бўлгач, жазирамада икки кунлик кутишлар, тузук-қуруқ овқатланмаслик ва ювинмаслик сабабли ҳолдан тойганимизни, овқатланиб, дам олишимиз зарурлигини тушундик.
Дарвоза ортида бир нечта сюрпризлар кутиб турарди. Биринчидан, Ўзбекистон томонда узун навбат йўқ эди (дарвоза олдида ўнтача машина турарди). Иккинчидан, бундан ярим километр наридаги каби ахлат уюми йўқ эди.
Улуғбекнинг айтишича, ўзбек чегарачилари ҳудуддаги тартибни назорат қилишади. Майда чиқиндилар — бўш шиша, сигарет қутилари ва қоғозларни йиғиштириш учун меҳмонхона ва кафе эгалари жавоб беришади.
Ярим тунга яқин барча чегара ва божхоналардан ўтиб ресторан, кафе ва меҳмонхонадан иборат мажмуага йўл оламиз. Айтиш керакки, бу ерда туристлар кўп эмас, асосан ўз машиналарида йўлга чиққанлар. Агарда бу ерга тунда келиб қолсангиз овқат ва ётоқ топиш муаммо бўлмайди. Нархлари ҳам қониқарли.
Қозоғистон томондаги камтарона тамаддихоналардан сўнг катта стол, қулай стуллар ва кондиционер билан жиҳозланган бу ресторан биз учун пойтахтдаги энг яхши ресторанлардан ҳам зўрроқдек туюлди, уйғур лағмон ва эсон-омон ўтиб олганимиз учун ичилган "Каратау" ароғи эса дунёдаги энг зўр зиёфат бўлди.
Карвон кетиб борар…
Эрталаб, яхшигина ухлаб олганимиздан ва "байрамона" зиёфатдан сўнг Нукусга йўл олишдан олдин чойхоналардан бирида овқатланиш ва ёнилғи қуйиш учун тўхтадик. Унинг эгаси — Улуғбекнинг эски таниши бизни узоқ кутилган меҳмонлардек қарши олди.
Қозоғистондаги чойхонанинг буткул акси. Ўзбекча руҳ дарҳол сезилади. Нақшинкор пиёлалар ва ёқимли ҳид таратаётган иссиқ нонлар, палов, шўрва — ҳаммаси жойида. Бу ўткинчи йўловчилар учун мўлжалланган пластик тўсиқлардан иборат тамаддихона эмас, балки маҳаллий аҳоли ҳам жон деб ташриф буюрадиган тўлақонли муассаса эди.
Баҳодирнинг айтишича, кейинги мана шундай жой уч юз километрдан кейин учраркан. Унга, бир неча йилдан буён шу йўналишда қатнайдиган кишига ишониш мумкин.
Унинг ҳаёт йўли қизиқ: бундан деярли ўн икки йил олдин Россияга ишлагани келган. Қурувчилик, сантехниклик қилган. Мунтазам равишда алоқалари кенгайиб борган, доимий мижозлари пайдо бўлган ва машинага эҳтиёж туғилган — керакли материалларни ташиш, мижозлар орасида қатнаш учун ўз машинаси бўлгани яхши.
Мана шу машинада уйига бориб-кела бошлаган, ҳамюртлари ундан Россияда сотиб олган буюмларини уйларига элтиб беришини илтимос қила бошлашган. Баҳодир бир йилда бир неча марта юртига бориб-келади.
Хусусий юклар бозорининг ҳажми катта: кўплаб меҳнат мигрантлари маиший техника ёки рўзғорга зарур буюмларни сотиб олишга уринишади, лекин уларни уйларига қандай жўнатиш борасида савол туғилади.
Самолёт варианти ноқулай: ҳар бир кило ортиқча ёки катта ўлчамли юк учун яхшигина пул тўлаш керак. Поезд варианти ёмонмас, лекин ҳар доим ҳам эмас. Фақат машинаси бор танишлар қолади.
Йўловчилар ҳам чиқиб қолади — машинада кетиш узоқ вақтни олса ҳам, самолёт ёки поездга нисбатан арзон тушади. Айниқса зудлик билан кетиш керак бўлган пайтда нархдаги фарқ яхшигина сезилади.
Ипак йўли бўйлаб қатнаган карвонлар ўрнини мана шундай техника буюмлари ёки мигрантлар билан қатнайдиган автокарвонлар эгаллаган.
Бургут билан пойга
Озгина дам олиб ва машинани газ билан тўлдиргач, трассага чиқамиз. Тез орада атрофда ҳеч нарса йўқлигини сезаман — узоқ-узоқларда симёғочлар кўзга ташланади.
Манзара икки соатча ўзгармайди, кейин бирдан дарахтлар ва улар орасидаги уйлар кўзга ташланади. Ростини айтсам, мени қуёш уриб кўзимга сароб кўриняпти деб ўйладим.
Лекин ундай эмас экан — дарахтлар ортида Қорақалпоқ саҳроси бағрига яширинган мўъжаз қишлоқ бор экан. У асосий йўлдан анча нарида жойлашган бўлиб, у ерга энсиз асфальт йўлдан борилар экан.
Йўлимизда давом этамиз ва машинамиз ёнидан биз узоқдан қарға деб ўйлаган бургут ҳавога кўтарилади. У қанотларини виқор билан ёзганча ердан бир метр баландликда биз билан пойга ўйнаётгандек парвоз қилиб боради.
У анчагина жасур чиқиб қолди — биз йўл бўйи учратган бошқа бургутлар машинадан узоқроқда учишни маъқул кўрганди.
Қушларнинг йўл ёқасида учрашини уларнинг дангасалиги билан изоҳлаш мумкин, машиналар ғилдираклари остида тез-тез майда жониворлар қолиб кетади ва бургутларнинг ўлжасига айланади.
Ўзбекистоннинг энг чекка қисмидаги қуруқ иқлим ва аҳолининг сийраклиги бу ердаги жониворларга ўзларини эркин ҳис қилиш имконини беради. Улар одамлардан қўрқишмайди, балки хавфсирашади. Олдимизни кесиб ўтган тулки бир оз вақт машинамизни кузатиб турди ва бирор қизиқроқ нарса улоқтирмаганимиздан сўнг йўлида давом этди.
Умуман олганда, туристлар Қорақалпоғистонга биргина мана шу йўлини кўриш учун келишса арзийди, чунки манзара жудаям ажойиб. Бухорога йўлимиз яқинлашгани сари йўл бўйида инсон қўли билан экилган дарахтлар кўпайиб борди. Орол денгизи фожиасидан сўнг минтақа аҳолиси саҳрони ҳаётга қайтариш учун тинимчиз ҳаракат қилмоқда.
Йўл четларида баъзи-баъзида учраб қоладиган покришкалардан бошқа чиқинди кўринмайди. Қудратнинг айтишича, бу ерлар ахлат ташланмаганлиги учун эмас, балки тозалаб туришгани учун озода экан — бир неча кунда бир трасса бўйлаб ахлат ташийдиган машиналар ҳаракатланади ва чиқиндиларни йиғиштириб кетади.
Йўл бўйи бир марта тўхтадик — таниш қора "Каптива"ни учратиб қолдик. Унинг ғилдираги ёрилиб кетган экан.
Ҳайдовчилар ғилдирак алмаштиришгунча шундай жазирама ва саҳрога қарамасдан уйига қайтаётганидан хурсанд Улуғбек билан гурунглашдик.
Биз танлайдиган йўллар
Улуғбекнинг тан олишича, бу унинг автомобилдаги охирги сафари экан. Мабодо яна Москвага борадиган бўлса фақат самолётда бораркан — бундай йўл юришлар учун ёши ўтибди.
У Россияда деярли 15 йилдан бери ишлаб келади, бу вақт ичида бўёқчи ва сантехникликдан бошлаб том ёпувчиликкача бўлган ишларни бажарган. Унга охирги иши ҳаммасидан ҳам кўпроқ ёқибди.
"Қишда совуқ, кун бўйи қор тозалайсан. Ёзда эса роҳат. Томга чиқиб, пиво симириганча ишингни қиласан, офтобда тобланасан. Асосийси — ишни пухта бажариш. Ҳозир ишим қийинлашган — ёшим ўтиб қолди, ўзим билан материалларни олиб чиқишга қийналяпман. ҳаттоки лифт бўлса ҳам барибир чарчаб қоляпман", — дейди у уф тортганча.
Машина созлангач, мини-карвон бўлиб яна йўлга тушамиз.
Кутилмаганда саҳро тугайди ва биз анчагина қаровли ҳудудга кириб келамиз. Ҳамма жой ям-яшил: дарахтлар, ўтлар ва албатта бепоён далалар. Оқшомда навбатдаги АЁҚШга кирамиз.
Қорақалпоғистон бўйлаб бутун саёҳатим давомида йўл ёқасида бирорта ҳам АЁҚШ кўрмадим — уларнинг барчаси йўлдан эллик метр нарида дарахтлар орасига яширинган ва уларни кўриш учун эътибор талаб қилинади.
Машина учун газ тўлдириш эҳтиёжи Қорақалпоғистоннинг "яшил" қисмига етиб келганимизда пайдо бўлди (дарвоқе, саҳрода атиги икки дона ёнилғи қуйиш шахобчасига кўзим тушди). Баҳодир машинасини тўдиргунча биз атрофни айландик. Бир оз вақтга Россия қишлоғига бориб қолгандек бўлдим: худди ўша кечки салқин, яшил табиат ва сигирларнинг мўраши.
Тунда Нукусга етдик ва ҳамроҳларим таъбири билан айтганда Бухорога олиб борадиган "президент" трассасига чиқдик. Қадимий шаҳарга эрталаб етиб борамиз.
Шаҳарни илк бор кўрганимдаёқ минглаб километр йўлни бекорга босиб келмаганимни тушундим.