Антон Курилкин
Ғайриоддий саёҳатимнинг учинчи суткаси ўтиб борарди. Йўлда мен билан суҳбатлашган барча нега жизғанак қилувчи қуёш остида узоқ ва машаққатли йўлга машинада чиққанимни ҳамда нима учун ҳаракатланишнинг бошқа воситасини танламаганимни сўрарди. Уларнинг аксариятининг кўзларида бир саволни ўқиш мумкин эди: бу турист қандай қилиб ўйнагани йўл олмаган одамлар орасида пайдо бўлиб қолди.
Айтишим керакки, бирданига бир нечта ҳолатларнинг тўқнаш келиб қолиши оқибатида мана шу тасодифий саёҳатим юзага келди. Эски танишим Баҳодир мени ўз юртига бир неча марта таклиф этганди. Олдинда меҳнат таътилим бор эди, аниқ бир режам йўқ эди, худди ана шу кунлари у менга қўнғироқ қилиб қолди ва уйига кетаётганини, машинасида бўш жой борлигини айтди.
Узоқ ўйлаб ўтирмасдан қайтишга билет олмай (Баҳодирнинг айтишича, қайтишга билет олмаган маъқул экан – қўққисдан йўлда машина бузилиб қолса) унинг таклифига рози бўлдим ва йўлга отландим. 3600 километрлик масофани босиб ўтиш учун ихтиёримда роппа-роса бир ҳафта бор эди. Ҳа, самолёт билан солиштирганда кўп вақтни оладиган ва поезд билан солиштирганда ноқулай сафар, ўйладим мен, лекин эски танишим билан кетаман. Бунинг устига машинада саёҳат худди пиёда, велосипедда ёки отда юрилгани каби ўзингни ҳақиқий йўл босгандек ҳис қилиш имкониятини беради. Поезд ҳам, самолёт ҳам бундай ҳисни бермайди.
Эҳтимол, сафарга чиқишимда мен яқинда ўқиган Жек Керуакнинг "Йўлда" китоби ҳам катта рол ўйнагандир. Хуллас, нима бўлишидан қатъи назар, саргузаштларга ташналик барча хавотир ва иккиланишлардан устун келди. Лекин саёҳатим табиат манзаралари ва ҳамроҳларимнинг қизиқарли ҳикояларидан ташқари оғир синовлар билан ҳам ўтди. Улар ичида энг жиддий синов Қозоғистон чегарасидан ўтиш бўлди.
Ахлат, чанг ва лоқайдлик
Тонг саҳарда Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги "Тажен" чегара пунктига етиб келдик. Чегара ўтказиш пункти олдида йўл бўйлаб қатор тизилган енгил ва юк машиналаридан иборат навбат ҳосил бўлган. Улкан фуралар алоҳида қатор ҳосил қилган. Бўм-бўш йўлдан эса фақатгина Қозоғистон рақамларига эга машиналар ўтмоқда.
Бу ерларда сутканинг энг яхши пайти – тун: салқин ҳамда чанг-тўзон кўтарадиган шамол бўлмайди.
Одамлар ойнаси очиб қўйилган машиналар ичида ухлашмоқда. Яна кимдир атрофда сочилиб ётган целлофан халтачаларни тагига тўшаб, боши остига сумкасини қўйганча йўл четида ухлаяпти. Абжир ва омадли сайёҳлар эса қурилиши битмаган бинонинг бетон плиталари устига жойлашишган.
Айрим тажрибали ҳайдовчилар чегарадаги қийинчиликларни билишгани боис ўзлари билан йиғма каравотлар оволишган. Умуман уйқум келмади, шунинг учун тонг саҳар бўлишига қарамасдан йўл бўйлаб айланиб юрдим.
Қуёш чиқиши билан ҳаво сезиларли даражада илийди, баъзида чийиллаши кучайиб қулоқни оғритадиган шамол эсади.
Ерда ётган бўш шишалар у ёқдан бу ёққа думалаб шовқин ҳосил қилади, лекин ҳаммасидан ҳам ўтган-кетганларнинг оёқлари остида ғичирлайдиган пластиклар асабни эговлайди. Ахлат шунчалик кўпки ва анчадан бери олинмаганлиги учун қуруқшаб ётган ерда қатлам ҳосил қилган.
Ахлат ташлаш учун мўлжалланган махсус бетон бункерлар тўлиб-тошиб кетган ва биз чегарада бўлган икки кун давомида бир мартаям тозаланмади.
Эрталаб тўққиздан бошлаб ранги ўчиб кетган рўмол ўраган, қора кўзойнак тақиб олган ёшини аниқлаш мушкул бўлган сотувчи аёлларнинг қичқириқлари янграйди. Улардан нарса олишда танлов чекланган: колбаса, нон, пирожка, газли ва газсиз минерал сув ҳамда кола.
Вақти вақти билан "колбаса-пирожка-нон-газсиз сув-кола" дейиш ўрнига адашиб кетишади ва қарабсизки гоҳ газсиз кола, гоҳ минерал нон таклиф қилишади.
Икки соатдан кейин бу қичқириқлар жазирама, чанг, шамол ва йўлда узоқ кутиш билан қўшилиб одамни ақлдан оздира бошлайди.
"Қозоғистон чегарасида инсонга ҳурмат йўқ. Ўзбекистонда бор, Россияда бор. Москвага ҳар сафар борганимда ҳурмат билан савол-жавоб қилишади. Бу ерда эса одам ўрнида кўришмайди", — нолийди Бухорога кетаётган қирқ ёшлардаги Зуҳра исмли аёл.
Эркаклар эса бу ердаги шароит ва чегарачиларнинг иш сифатини болохонадор иборалар билан шундай таърифлашдики, улар айтган сўзларни бу ерда келтиришнинг иложи йўқ.
Навбатсиз ўтиш неча пул?
Автомобиллар колоннаси бўйлаб иккита ёш қозоқ йигити келарди. Улар машина олдида тўхташиб ҳайдовчи билан нималарнидир гаплашишар, кейин яна йўлида давом этишарди. Ҳайдовчимиз орқа ўриндиқда ухлаяпти, мен унинг ўрнида ўтирибман, Қудрат ва Улуғбек чойхонага сувга кетишган.
— Братан, сенмисан ҳайдовчи?
— Йўқ, менмас, у ухлаяпти.
— Чегарадан тезроқ ўтишни хоҳлайсизларми?
— Ҳайдовчи уйғонсин, сўраб кўраман.
Йигитлар навбатдаги "мижоз" томон отланишди, шу пайт уйғониб кетган Баҳодир нима гаплигини билгач, уларни чақирди.
Фақат биттаси – ўрта бўйли озғин, озгина соқол қўйган қизил футболкали йигит қайтди.
— Навбатсиз ўтишни хоҳлайсизларми? Олти минг рубл. Аввал учта машинани ўтказишади, кейин еттита машинани навбатсиз ўтказворишади, — деди йигит.
— Қиммат. Олдин беш минг эди, — дейди Баҳодир.
— Олдин участкавой йўқ эди, бу ерда муштлашув бўлди, шундан кейин тартиб сақлаш учун уни қўйиб қўйишди. У билан ҳам бўлишишга тўғри келади, — тушунтиради йигит.
Биз пул бермасликка ва навбат кутишга қарор қилдик. Ортимизда турган машина ҳайдовчиси "ўтказиб қўювчи"нинг таклифига рози бўлди ва унга пул узатди.
Аммо унга тезроқ ўтиш насиб қилмади. Колонна бошида турган ҳайдовчилардан бири тўполон кўтарди ва навбатсиз ўтиш барҳам топди. Адолат юзасидан айтишим жоиз, тадбиркор йигитлар амалга ошмаган транзит учун олинган пулларни эгаларига қайтариб беришди.
Чегара олдидаги очлик
Туш пайтига яқин чегарага иккита туя келди. Улардан бири нарироқда янтоқ ямлай бошлади, иккинчиси эса "цивилизация мевалари"дан баҳраманд бўлиш учун тадбиркорлик билан ахлат контейнерлари томон йўл олди. Унинг ўлжаси олма бўлаги ва бўшаган ароқ шишаси бўлди. Саҳро кемаси шишани оғзига солганча бироз чайнаб кўриб афсус билан туфлаб ташлади ва кетиб қолди.
Тушга яқин қатор жонланиб қолди: қозоғистонлик чегарачилар ўзбек машиналарини ўтказа бошладилар. Бир кунда тўрт марта шундай ўтказишлар бўлади: биттаси юк машиналари учун, учтаси енгил машиналар учун. Йўловчи автобуслари навбатсиз ўтказилади, лекин бундан одамларга фойда йўқ: улар "ахлат ташламанг" деган ёзув остидаги ахлатхона олдида турган ҳолда жазирама қуёш остида обдон "тузлангач" паспорт ва божхона назоратидан ўтишади.
Олдинга атиги бир неча метр юргач яна тўхтаймиз. Баҳодир ёнимиздаги чойхонада чой ичиб олишни таклиф қилади.
Бу ердаги чегараолди тамаддихоналарининг тузилиши бир хил: овқат тайёрланадиган хона, омборхона ҳам шу хона, мижозлар ўтирадиган хоналардан кичкина деразаси бор пластик тўсиқ орқали ажратилган. Мижозлар хонтахта ва сўридан бошқа ҳеч нарса қўйилмаган кичик-кичик хоналарда ўтиришади.
Бу уйчалар ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам оппоқ сувалган, кичик деразалари эса елвизак ачиган миянгизни ўзига келтириш учун катта қилиб очиб қўйилган.
Уларнинг менюлари йўллардаги дўконларникидан ҳам камтарроқ: доширак, сникерс ва шубҳали голубци. Тамаддихона бекаларининг пазандалик қобилиятларини текшириб кўришга жасоратим етмади ва кофе билан чекландим. Бу ерларда бор-йўғи икки хил кофе беришади: пакетчали учтаси бирда ёки оддий қора кофе.
Чегарада ўтган икки кун давомида мен сайёр сотувчиларнинг ҳам, чойхонанинг ҳам овқатини ейишга ботинмадим. Иссиқдан унча овқат егим келмас, билинар-билинмас очликни эса Москвада олинган печенье билан бартараф қилардим.
Икки бошли бургут остида
Деярли икки суткадан сўнг божхонада бизнинг ҳам навбатимиз келди. Шлагбаум олдида барча йўловчиларга машинадан тушишни буюришди. Пастга тушиб машинамизни ғамгинлик билан кузатиб қоламиз ва навбатга туришга тутинамиз. Қора кўзойнак таққан чегарачи лейтенант машиналар текширувига ўтаётган йўловчиларни оддий пиёдалардан ажратишга уринади. Бизни бирпасда чегара пункти ҳудудига ўтказишди ва яна бир навбатга турдик.
Бу навбат ичида мен баланд бўйим, соқолим ва асосийси – Россия паспорти билан ажралиб турардим. Божхона эшиги олдида турган фуқаро кийимидаги киши мени чақирди. Турист эканлигимни ва дўстларим билан Бухорога кетаётганимни билишгач, мени ичкарига ўтказиб юборишди.
Яна навбат. Катта фуражка кийиб олган бўйи унча баланд бўлмаган ҳарбийнинг тартиб ўрнатишга бўлган уринишлари зое кетади. Унинг рацияси ишлаб кетди ва у мени тўғри паспорт назоратига етаклаб кетди.
Айтиш жоиз, туристларни паспорт назорат пунктига ҳеч қандай навбатларсиз дарҳол ўтказиб юборишади: биз Россияда кўрган поляклар ҳам етиб келишди. Билмадим, улар қуёш тиғи парчалаб ташлайдиган шундай иссиқ ҳавода оғир мотоцикл кийимларида қандай қилиб шунча йўлни босиб ўтишди экан.
Паспорт назоратида кичик сержант унвонига эга жилмайиб турадиган ягона чегарачи мендан кимлигим, қаерга ва ким билан кетаётганлигимни узоқ суриштирганидан кейин мени ўтказиб юборди.
Паспорт назоратидан сўнг йўловчилар чегаралар орасидаги нейтрал ҳудудга ўтишади – машинамиз ўша ерда эди ва бир соатдан кейин ҳаммамиз жамулжам бўлдик.
Қудрат ва Улуғбекни кутиб турган пайтимиз мазали палов ва айрон олдик – улар нейтрал ҳудуддаги ўзбек чойхонасиники бўлиб, Баҳодирнинг айтишича, айнан мана шу таом палов экан, олдин еган барча паловларимиз эса палов эмас, гўшт ва сабзавотли гуруч экан. Иссиқда овқат ўтмагани боис палов емадим, аммо бир коса айрон ҳақиқий халоскоримга айланди: муздайлигидан тишларинг такиллаб кетадиган ва майда тўғралган сабзавотлар солинган айрон кишини ўзига келтириб, ҳаётга қайтаради.
Охирги синов – Ўзбекистон чегараси – олдидан озгина тин олишга имконият бор. Биз ҳам ҳозирча саёҳат ҳақидаги ҳикоядан чекинамиз-да, ҳамроҳларим ким, улар Россияда нима иш билан шуғулланишади ва нега ватанларига кетишаётгани ҳақидаги ҳикоямизни бошлаймиз.