ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик Анвар Мадраимов Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штатида ўтказилган қисқа метражли фильмлар фестивалида ғолиб, деб топилди, деб хабар қилинди Ўзбекистон Ҳукумат порталида.
Анварнинг драма жанрида суратга олган қисқа метражли фильмида фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган аёл тақдири, унинг янги ҳаёт қуришга интилиши йўлида дуч келаётган ҳолатлар, оилавий ҳаёт билан боғлиқ ижтимоий масалалар ҳақида ҳикоя қилинади.
"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, А.Мадраимов 22 ёшда бўлиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таълим олган. Ҳозирги кунда Лос-Анжелес шаҳридаги Нью Йорк киноакадемиясининг ("New York Film Academy") кинематография факультетида ўқишини давом эттирмоқда.
Анвар қатор қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли фильмлар режиссёридир. У тўлиқ метражли бадиий фильм суратга олиш сирларини ўрганмоқда.