ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад АҚШ делегациясини Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришдир, деб хабар қилади "Ўзбекистон 24".
Учрашув давомида Халқаро муносабатлар ва халқаро меҳнат ташкилоти билан ишлаш шуъбаси бошлиғи Б.Алимухамедов АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси делегациясини одам савдоси, мажбурий меҳнат масалаларининг олдини олиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган қонунчилик меъёрлари билан таништирди. Шунингдек, у Ўзбекистон томонидан хорижда ишлаш учун кетаётган меҳнат мигрантларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди. Ушбу чора-тадбирлар ижтимоий кафолатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш, шунингдек, мигрантлар меҳнат фаолиятини олиб борадиган мамлакатда Ўзбекистон фуқароларини рўйхатга қўйиш масалаларини қамраб олишини таъкидлади.
Шу билан бирга, учрашув доирасида иштирокчилар томонидан одам савдосидек салбий ҳолатга қарши курашиш мақсадидаги ҳукуматлараро ва ижтимоий институтларнинг ўзаро ҳамкорлигининг замонавий усуллари муҳокама қилинди. Вазирлик вакиллари Ўзбекистонда меҳнат соҳасида барча халқаро меъёрлар ва стандартларга қатъий амал қилиши, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўмаслик борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга меҳмонларнинг эътиборини қаратди.
Учрашув якунида АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси вакили жаноб К.МакКари очиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди. У, шунингдек, АҚШда хорижий стажёрларнинг техник ўқувини ташкил этиш бўйича амалий тажриба мавжудлигини айтиб ўтди. Мисол тариқасида 1980 йилларда ХХР фуқароларининг каттагина қисми ана шундай ўқувларда иштирок этганини таъкидлади. Шу маънода, Америка томони ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг Қўшма Штатларда ўқиши масаласида қўллаб-қувватлашини билдирди.