ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. 1 сентябрдан импорт қилинувчи қатор маҳсулотлар учун акциз солиғи ва божхона божи бекор қилинади ёки камайтирилади, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси матбуот-хизмати.
"1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилувчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари, парранда ёғи, чўчқа ёғи, буғдой уни ва жониворларни озиқлантириш учун мўлжалланган буғдой маҳсулотлари акциз солиғига тортилмайди. Бу Ўзбекистон Президентининг 15 августдаги ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган", — дейилади хабарда.
1 сентябрдан бошлаб айрим маҳсулот турлари учун божхона тўловлари ставкалари камайтирилади. Йирик шохли қора моллар, чўчқа гўштлари, чўчқа ёғи, парранда ёғи ва бошқа гўшт маҳсулотлари, кофе, буғдой уни ва шакарқамиш шакари шулар жумласидан. Шунингдек, кунгабоқар ёғи, шакарқамиш шакари ва кофе учун акциз солиғи миқдори ҳам туширилади.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилари учун хом ашё ва материалларга божхона тўловларининг камайтирилиши миллий ишлаб чиқарувчиларни ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таннархини камайтиришлари ва рақобатбардошликни оширишларига рағбатлантириши лозим. Бундан ташқари, бу ички истеъмол бозорида нархлар ўсишини чеклаши зарур.