ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрдан айрим озиқ-овқат маҳсулотларини акциз солиғидан озод қилди. Бу ҳақда Uznews.uz хабар берди.
Ўзбекистон президенти 15 август куни "Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Қарор талабларига кўра 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кириладиган гўшт ва ярим тайёр гўшт маҳсулотлари, парранда ёғи, чўчқа ёғи, буғдой уни ва парранда боқиш учун емлар акциз солиғидан озод этилган.
Шунингдек, қарор билан 2017 йил 1 сентябрдан озиқ-овқат маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича божхона тўловлари камайтирилди: хусусан, Ўзбекистонга импорт қилинадиган қорамол гўшти, чўчқа гўшти, чўчқа ёғи, парранда ёғи ва бошқа гўшт суб маҳсулотлари, кофе, буғдой уни, шакарқамиш шакарига импорт божи камайтирилди. Шунингдек, ўсимлик ёғи, шакар, кофе маҳсулотларининг акциз солиғи камайтирилди.
Шунингдек, айрим озиқ-овқатларни етиштириш уруғлари (картошка, буғдой, маслин, жавдари, арпа, маккажўхори, гречка, кунгабоқар ва бошқалар) импорт қилинганда божхона божини тўламайди.
Ушбу президент қарорини қабул қилиниши натижасида маҳаллий маҳсулотларининг таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади, шунингдек, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини қимматлашиб кетишиши олдини олади.