TOШКЕНТ, 24 август — Sputnik. Тошкент шаҳрида яшовчи аёл ўз набирасини минг долларга сотишга уринди, деб хабар берди пойтахт ИИББ ахборот хизмати.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига У. Ялгашева мурожаат қилиб, Шаҳодат исмли аёл қизи ҳомиладорлигини, туғиладиган чақалоқни сотиш ниятлари бор эканлигини айтганини билдириб, мазкур шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Улар Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган "Макро" супермаркети автотураргоҳида чақалоқни сотган вақтларида ашёвий далил билан ушланганлар.
"Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Сатторова ва З.Жўрақуловаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган", — дейилади хабарда.
Уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми "а" банди (одам савдоси) билан айблов эълон қилинди. Айбланувчиларга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.