TOШКЕНТ, 24 август — Sputnik. Мазкур қарор хомашё базасини ривожлантириш, узумнинг техник навларини тайёрлаш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат этил спирти, алкогол, ликёр-ароқ ва виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва экспортини ошириш, соҳага хорижий сармояларни жалб этиш мақсадида қабул қилинди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар бермоқда.
"Ўзспиртсаноат" таркибига асосан этил спирти ишлаб чиқаришга ихтисослашган беш йирик корхона киради. Булар "Андижон биокимё заводи", "Қўқонспирт", "Биокимё", "Тошкент вино комбинати" ва "Бектемир спирт экспериментал заводи"дир.
Эндиликда янгиланган холдинг янги юқори технологияли корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишга йўналтирилган инвестиция сиёсати, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида сифат кўрсаткичига риоя қилиш назорати, озиқ-овқат этил спирти, алкогол, ликёр-ароқ ва виночилик маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилишига йўл қўймаслик билан шуғулланади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида "Ўзвиносаноат-холдинг" компанияси корхоналари томонидан 780,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари (ўсиш 4,1%), 568,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли маҳсулотлари (ўсиш 4%) ишлаб чиқарилди.