TOШКЕНТ, 23 август — Sputnik. Ўзбекистонлик ММА (аралаш жанг санъати) жангчиси Мурод Хонтўраев чемпионлик унвони учун жанг ўтказади. Бу ҳақда sports.kz хабар қилмоқда.
Хабарда айтилишича, 26 август куни Остона шаҳридаги EXPO-2017 халқаро кўргазмаси майдонидаги амфитеатрда бокс кечаси ўтказилади. Унда профессионал бокс ва аралаш жанг санъати бўйича баҳслар бўлиб ўтади.
"Осиё айиғи" лақаби билан танилган Мурод Хонтўраев ALASH PRIDE FC таснифида оғир вазнда украиналик Юрий Проценко билан чемпионлик унвони учун баҳслашади.
Маълумотларга кўра, Мурод Хонтўраев 1987 йил 4 июль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. ММАнинг WEF йўналиши, қўл жанги профи йўналиши R-1 ва Муайтай профи йўналиши К-1 камари соҳиби. Универсал жанг ва қўл жанги бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори.