TOШКЕНТ, 23 август — Sputnik. Ўзбекистон жорий йилдан Қирғизистондан арзон электр энергияси сотиб олишни бошлади, деб маълум қилди "Ўзбекэнерго" вакили матбуот анжуманида.
Қирғизистондан Ўзбекистонга электр етказиб бериш шу йилнинг 16 июнидан "Электр станциялари" ва "Ўзбекэнерго" ўртасида тузилган шартнома доирасида бошланди. Ўзбекистон томонининг билдиришича, бу энергия тизимини мувофиқлаштириш ва аграр соҳани сув ресурслари билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
"Бу йил биз вегетация даврида Қирғизистондан электр энергиясини импорт қилмоқдамиз. Ўзбекистон Қирғизистон гидроэлектростанцияларида ишлаб чиқарилган арзон электр энергиясини сотиб олмоқда. Бу ерларни суғориш учун қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш ва энергия тизимини мувофиқлаштириш мақсадида қилинмоқда", — деди "Ўзбекэнерго"нинг стратегик ривожланиш бошқармаси бошлиғи Эсо Садуллаев.
Хусусан, Садуллаев республиканинг Марказий Осиё энергия ҳалқасини кенгайтириш ва кучайтириш борасида чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштиргани ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергия тизимлари участкаларида параллел ишларни йўлга қўйганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда "Ўзбекэнерго" йилига 60 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради, унинг 10%и ГЭС ва 90%и иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилади.
Мамлакатда электр энергияси истеъмоли йилдан йилга ортиб бормоқда. Агар 2000 йилда бир оиланинг бир ойлик ўртача энергия истеъмоли 114 кВт/соатни ташкил этган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 35%га ошган ва 160 кВт/соатга етган.