ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Раъно Ҳамроева Бухорода бўлиб ўтган "Адолатли қайнона" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб деб топилди, деб хабар қилди Бухоро вилояти матбуот-хизмати.
Иштирокчиларнинг фарзанд тарбияси, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, партия фаолиятига доир билими ва дунёқараши синовдан ўтказилган.
Ғолибни аниқлашда аёлларнинг ўз маҳалласида ташаббускорлиги, ижтимоий дахлдорлиги, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ миллий анъаналар, ёшларнинг маънавияти, маданияти ва маърифатини янада юксалтириш орқали оилаларда баркамол авлодни улғайтиришдаги ибратли тажрибасига ҳам эътибор қаратилган.
Биринчи ўринни эгаллаган Раъно Ҳамроевага танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилган.
Шунингдек, танловда Жондор туманидан партия аъзоси Солиҳа Қўзиева иккинчи, Когон шаҳар вакиласи Муҳаббат Саидова учинчи ўринни эгаллаган.