ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш тадқиқот маркази аҳолининг миграция, шу жумладан меҳнат миграциясига оид кайфиятини ўрганиш учун сўровнома ўтказди, деб хабар бермоқда "Уз24уз".
Тадқиқотда бутун республика бўйича 18 ёш ва ундан катта бўлган 1100 киши иштирок этди. Шулар орасида 49,4%и — эркалар ва 50,6%и — аёллардир. Шаҳарларда истиқомат қилувчи респондентлар 50,5%ни, қишлоқда истиқомат қиладиганлар- 49,5%ни ташкил қилди.
Сўровнома натижаларига кўра, 2017 йилда АҚШга кўчиб ўтмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари сони икки баробардан ортиб кетган.
Америкага кўчиб ўтишни хоҳлаётганларнинг аксарияти — бу Андижон, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри аҳолисидир.
Шу билан бирга Ғарбий Европага кетмоқчи бўлганлар сони ўтган йилги 19,9 % кўрсаткичдан камайган — 18,8%.
1100 респондентнинг, яъни сўровномада иштирок этган фуқароларнинг ҳеч бири Яқин Шарққа кўчиб ўтишни истамаслигини маълум қилган.
Ўзбекистонликлар учун миграция борасида энг оммабоп йўналиш — Россия эканлиги аниқланган. Сўровномада қатнашганларнинг 43,8 %и айнан Россияга ишлаш учун боришни хоҳлашларини билдиришган.
Ўзбекистон фуқаролари ўз танловларини "мамлакатда қариндош ёки дўстлари борлиги" ҳамда "тил борасида муаммо йўқлиги" билан изоҳлаганлар.