TOШКЕНТ, 22 август — Sputnik. Ўзбекистон Футбол Федерациясининг қарорига кўра, 25 август кунига белгиланган Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ёпиқ тарзда ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси расмий сайтида маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, ушбу ўйинни ташкил этиш бўйича ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўйинчини алмаштириш имкониятидан чекланмаган миқдорда фойдаланишга ўзаро келишиб олганлиги муносабати билан ўйин халқаро ўртоқлик учрашуви мақомига эга бўлмайди.
Хабарга кўра, миллий терма жамоаларнинг халқаро ўйинларда кўпи билан бир жамоадан 6 футболчининг алмаштирилишига рухсат берилади. 6 футболчидан кўп ўйинчи алмаштирилган ўйинга "назорат учрашуви" мақоми берилади ва у ФИФАнинг халқаро тақвимида рўйхатга қўйилмайди. Шу сабабли, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўйин назорат ўйини сифатида даражаланади ва ФИФА рейтингини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Бундай назорат учрашувларининг тарғиботи, ўйинга чипта сотиш, ўйинни трансляция қилишга рухсат берилмаслиги муносабати билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги назорат ўйини трансляция қилинмайди.
Маълумотларга қараганда, ушбу ўйинда Осиёнинг беш карра энг яхши рефериси Равшан Эрматов ҳакамлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё минтақасида ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги раундида иштирок этаётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини олдинда 2 та муҳим учрашув кутиб турибди.
Ўзбекистон терма жамоаси дастлаб 31 август куни Хитой терма жамоаси билан куч синашса, 5 сентябрь куни Тошкентда Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади.