ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йуллари" миллий авиакомпанияси ўз учувчиларини 2018 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб тайёрлай бошлайди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Июль ойининг охирида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Миллий авиакомпания олдида ўз учувчиларини халқаро стандартларга мос равишда тайёрлаш вазифаси қўйилган эди. Қарорда айтилишига кўра, авиакомпания олий маълумотга эга бўлган авиация техник персонли орасидан кадрлар танлаб олиб улардан икки йил давомида МАКнинг Ўқув-машқ марказида фуқаро авиацияси учувчилари тайёрлаши керак эди.
Компания вакили айтишига қараганда, танлов авиакомпания эҳтиёжларига қараб амалга оширилади, биринчи учувчилар гуруҳида 12нафардан 16 нафаргача учувчилар тайёрланади.
"Менимча келаси йилнинг баҳори охирларида ва ёзнинг бошларида танлов бўлиб ўтади. Ҳозир бўлажак учувчиларнинг ёш чекловлари, соғлиқ ҳолати каби танлов шартлари ҳақида ҳужжат тайёрланмоқда. Уни МАКнинг кадрлар бошқармаси тайёрламоқда", — деди компания вакили.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" вакили парвозлар сонининг ошиши ва йўналишлар кенгайиши муносабати билан, ўқишни тамомлаган ҳар бир учувчи иш билан таъминланишига ишонч билдирди.
"Қарор чиққанига бир ойдан кам вақт ўтди, лекин биз аллақачон катта ишларни амалга оширдик. Октябрда Давлат авиация назорати бизни сертификация қилиши керак. Ўқитувчилар таркиби аллақачон аниқланган. Улар конспектларини тайёрлашмоқда, биз эса техник жиҳозлар сотиб олмоқдамиз. Бизнинг ўқув хоналаримиз энг замонавий компьютер техникаси ва бошқа жиҳозлар билан таъминланмоқда. Ўқув марказида 30 нафар ўқитувчи ишлайди. Улар 15та фандан дарс беришади, яъни ҳар бир фандан икки нафар ўқитувчи бўлади", — деди суҳбатдош.
Фуқаро учувчилари тайёрлаш курсларига ҳам назарий ҳам амалий ўқув-машғулотлари киритилган. Танлов олий техник ўқув юртлари битирувчилари орасидан амалга оширилади. Ўқув жараёни мутахассислик бўйича керакли фанлардан иборат бўлади, умумий таълим фанлари киритилмайди.
Олдин, Ўзбекистон ҳаво йўллари учувчилари назарий билимларни Санкт-Петербургдаги Давлат фуқаро авиацияси университетида, амалий машғулотларни эса МАКнинг Тошкетдаги Ўқув-машқ марказида олар эдилар.