TOШКЕНТ, 19 август — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси 24 август куни Тошкент шаҳрида чақирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига республикада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда.
"Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги, "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида"ги, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги (янги таҳрири), "Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда сенаторлар "Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунларни ҳам кўриб чиқадилар.
Шунингдек ялпи мажлиснинг кун тартибига Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам киритилган.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш ҳақидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг айрим раҳбарларига парламент сўрови юбориш, шунингдек парламент сўрови натижалари ҳақидаги масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.