ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Нижний Новгороддаги оммавий муштлашувга озарбайжонлик сотувчи ва ўзбекистонлик харидор ўртасида юз берган жанжал сабаб бўлди. Бу ҳақда "Коммерсант" нашри Озарбайжон диаспорасининг вакилига таянган ҳолда хабар қилди.
Хабарда айтилишича, жанжалнинг келиб чиқишига асосий сабаб ўзбекистонлик харидор ўз автомашинаси билан озарбайжонлик сотувчининг савдо жойини тўсиб қўйганлиги бўлди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик харидор сотувчини "озарбайжонликлар ичида эркаклар йўқ" деб ҳақорат қилгандан сўнг сотувчилар уни уришган ва бозордан чиқариб юборишган. Ўзбекистонлик эса бозорга қайтиб келиши ва қасос олиши ҳақида ваъда берган.
16 август куни ўзбекистонлик харидор бир гуруҳ одамлар билан бозорга қайтиб келган. Гуруҳдагилар тожикистонликлар бўлган деб тахмин қилинмоқда. Улар бир неча машиналарда келишиб, тош, арматура ва пичоқлар билан қуролланган бўлган. Шундан сўнг, бозорда оммавий муштлашув бошланган. Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари бозорга етиб келишганида тўқнашув якунланиб, иштирокчилар қочиб кетишган бўлган.
17 август куни бозор кириш қисмида бозор ишламаслиги ҳақида эълон ёзилган. Бозор ишчилари мева ва сабзовотларни қўлда ва араваларда олиб чиқмоқдалар.