TOШКЕНТ, 18 август — Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК раҳбари Валерий Тян нима учун Ўзбекистондан Қримга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўқлиги сабабини изоҳлади.
Унинг сўзларига кўра, Миллий авиакомпания Европа ҳаво навигацияси хавфсизлиги ташкилоти (Евроназорат) яриморол ҳаво ҳудуди борасидаги масалани бирёқли қилмагунча Қримга авиақатновни йўлга қўймоқчи эмас.
"Евроназорат Қрим ҳаво ҳудудида Россиянинг фаолиятини қонуний деб тан олмагунча агар бу ерга Украинанинг рухсатисиз парвоз қиладиган бўлсак, шу заҳоти санкцияга тушамиз, яъни биз учун бутун Европа ёпилади", – деди "Ўзбекистон ҳаво йўллари" бош директори.
Эслатиб ўтамиз, компания 2014 йил баҳордан, яриморол Россия таркибига ўтганидан буён парвозларни тўхтатган. Украина аэропортнинг янги маъмуриятини ноқонуний деб эълон қилган ва авиакомпанияга Симферополга парвозлар амалга оширишни тақиқлаган.
Валерий Николаевич шунингдек, Киевга парвозларни тиклаш ҳақидаги масала ҳалигача ҳал бўлмаганлигини қўшимча қилди. Ушбу йўналиш бўйича парвоз сўнгги марта 2015 йил май ойида амалга оширилган. Икки мамлакат авиация раҳбариятларининг ушбу масала бўйича музокаралар жараёни анчадан бери давом этмоқда, лекин қарашларда номутаносибликлар мавжудлиги боис натижага эришилмаяпти.
Ўзбекистон томони Тошкент-Киев йўналиши бўйича битта қатнов тақдим этишга тайёр, украиналиклар эса иккита қатнов очилишини талаб қилишяпти. Ўзбекистон авиация раҳбарияти бундай имкониятни истисно этмаяпти, фақатгина бунинг учун Украина халқаро авиалиниялари бошқа йўналишларга билет сотмаслиги ва нархларни сунъий равишда туширмаслиги лозим.