TOШКЕНТ, 18 август — Sputnik. Шавкат Мирзиёев бугун Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида "Пахтакор" маҳалла фуқаролар йиғинида хам бўлиб, оддий одамлар билан учрашди, самимий мулоқот қилди. Суҳбат асосан ҳаётий масалалар, инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган муҳим жиҳатлар хусусида кечди. Бу ҳақда президентнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар қилинмоқда.
"Биз бу ерга бекободликларнинг саволларига жавоб топиш, халқ бизга берган ишончни оқлаш мақсадида келганмиз" — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу ерда 50 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларга 37 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади.
Мамлакат раҳбарига ҳудуд марказида бунёд этилиши кўзда тутилаётган Ягона ҳисоб-китоб маркази ва намунали маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг лойиҳалари тақдим қилинди. Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида хонадонларни иситиш лойиҳаси билан танишар экан, аҳолига қулай шароитлар яратиш мақсадида яқин келажакда Бекобод шаҳридаги барча хонадонларни иситиш мосламаси билан таъминлаш ишларини ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Бекобод шаҳрига ташриф буюрди.