ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Қозоғистоннинг Костонай вилоятида икки эркак ўзларига таниш бўлган аёлни хафа қилган бошқа бир эркакни бўйнини қайириб ўлдиришди, деб хабар қилмоқда Спутник Қозоғистон нашри.
Хабарга кўра, Боровское қишлоғида яшовчи аёл икки йилча бир эркак билан яшаган, аммо жуфтлик охир-оқибат ажрашган. Аёл тез орада бошқа бир эркак билан яшай бошлайди. Собиқ хуштор эса аёлни тинч қўйишни хаёлига ҳам келтирмайди. Шундан сўнг аёл эркакни урганликда айблаб полицияга мурожаат қилади.
Машъум 18 феврал санасида аёлнинг уйида унинг янги эри, опаси, поччаси ва опасининг таниши йиғилади. Меҳмонларнинг ҳаммаси аёлни ҳимоя қилишга шай ҳолатда эди.
Ниҳоят уйга аёлнинг собиқ хуштори қадамранжида қилади. Суҳбат давомида улар ўртасида жанжал рўй беради. Аёлга ёрдам бериш илинжида уйдан югуриб чиққан опани эркак ён томонга улоқтириб, қовурғасини синдиради ва собиқ хотинини ерга юмалатиб, дўппослай бошлайди.
Шундан сўнг уйдаги эркаклар унга лопатка ва таёқ билан ҳамла қилиб, машина ичига тиқишади. Йўл-йўлакай уни пичоқлаб, сўнгра бўйнини қайириб ўлдирадилар. Жиноят изини ёпиш учун эса жасадни халтага солиб, қор остига кўмиб юборишади.
Айни вақтда аёлнинг 36 яшар янги хуштори ва опасининг 33 яшар эри устидан суд маҳкамаси бошланган.
Муқаддам судланмаган эркаклар ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш ҳамда қотилликда айбланмоқда.