ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. "Дроплет" ("Томчи") номли эко арт лойиҳамизни эътиборингизга ҳавола этаман, деб ёзган ўзининг Фейсбукдаги аккаунтида Лола Каримова-Тиллаева.
Лойиҳамиз бугун инсоният олдида турган долзарб масалаларни намойиш этиш учун бир майдон вазифасини ўтайди.
"Гармонист" брендининг фалсафаси сув, ер, ёғоч, маъдан ва олов каби беш табиат унсурларини ўрганиш, асраш ва ҳимоя қилишга асосланган. "Гармонист" табиатни асраш мақсадида инсоният соғлом ҳаёт кечиришининг асосини ташкил этувчи мазкур беш унсурни сақлашга ва асрашга бағишланган ўн йиллик лойиҳани бошлайди.
Сув ҳаёт манбаидир. Инсон танаси 60% сувдан иборат бўлиб, ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон ҳар бир ички аъзосининг фаолиятида сув муҳим ўрин эгаллайди. Сайёрамиз экосистемасида сув манбаларининг ўрни беқиёсдир.
Рассом Маркус Лютьенс билан ҳамкорликда яратилган мазкур арт-объект томчи кўринишидаги метал конструкциясидан иборат. Инсталляциянинг интерактивлиги шундаки, унда сувнинг товуши, ифори ва тафтини ҳис этиш мумкин. Шунингдек, унда глобал исишнинг таъсири ҳақида маълумот берилади.
Жамоатчиликни глобал исиш ва иқлим ўзгариши масалаларидан хабардор қилиш мақсадида санъат кучидан фойдаланишга аҳд қилдик. Бинобарин, санъат инсонларга илҳом баҳш этиб, уларни муайян мақсад атрофида бирлаштира олади.
"Дроплет" лойиҳасини тақдим этар эканмиз, сув ресурсларининг етишмовчилиги ва уларни асраш борасидаги дунё ҳамжамиятининг ҳавотирига шериклигимизни билдирамиз.
Лойиҳамиз ҳақида сизни мунтазам равишда хабардор қилиб борамиз", — деб ёзган Лола Каримова.