TOШКЕНТ, 18 август — Sputnik.17 август куни Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистонда энг катта палов тайёрланди, деб хабар бермоқда uznews.uz.
Хабарда айтилишича, экспертлар томонидан қайд этилган ушбу таомнинг оғирлиги 6 тоннадан зиёд бўлган.
Палов Олмалиқ кон-металлургия комбинатида махсус тайёрланган диаметри 4,2 метрли ва сиғими 8 минг литрли қозонда пиширилди. Қозон ўрнатилган ўчоқнинг оғирлиги деярли 3 тоннага тенг эди.
Палов тайёрлаш учун 826 кило мол гўшти, 825,5 кило қўй гўшти, 195 кило думба ёғи, 1650 кило гуруч кетди. Улкан қозонга 2,4 тонна сабзи, 185 кг пиёз, 350 литр ўсимлик мойи, 480 кг туз, 4,5 кг зира, 165 кг зирк, 90 кг нўхат, 3 кг қора мурч солинди.
Ўзбекистоннинг энг таниқли 50дан ортиқ ошпази ушбу паловни пишириш учун йиғилишди. Шоҳона таом узунлиги 2 метрдан ортиқ бўлган кафгирларда тайёрланди.
Тайёр бўлган палов тадбир меҳмонлари ва Олмалиқнинг 22 минг нафардан ортиқ аҳолисига тарқатилди.
Milliy телеканалининг хабарига қараганда, бу жаҳондаги энг катта палов тайёрлаш олдидан репетиция бўлган. 8 сентябр куни "Ўзбегим" миллий қадриятлар фестивали доирасида дунёдаги энг катта паловни тайёрлаб рекорд ўрнатиш ва уни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун расман уриниш бўлиб ўтади.
Интернетдаги маълумотларга қараганда, дунёдаги энг улкан палов 2007 йилда Хитойнинг Урумчи шаҳрида тайёрланган бўлиб, унинг оғирлиги 1 тоннадан зиёдроқ бўлган.