ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг биринчи рақамли учиш-қўниш йўлаги қайта таъмирдан чиқди. Бу ҳақда Sputnik мухбири "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпания матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилди.
Компания маълумотларига кўра, йўлакнинг чироқ сигнал анжомлари тўлиқ янгиланиб, учиш-қўниш йўлагига чиқиш майдонида янги замонавий чироқлар ўрнатилди.
Ҳозир йўлак ҳаво кемаларни қабул қилиш учун тўлиқ тайёр ҳолатда. Капитал таъмирлаш ишларини "Автомагистраль" пудратчи компания амалга оширди.
Ушбу пудратчи ташкилот томонидан йўлакнинг 50 минг квадрат метр асфальт қопламаси янгиланди. Барча таъмирлаш ишлари меъёрий-ҳуқуқий талаблар ва авиация қоидалари асосида ҳаво хизматларнинг ҳамкорлиги туфайли қисқа муддат ичида амалга оширишга эришилди. Янги йўлак халқаро парвозлар бўйича хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради" — деб таъкидланди авиакомпания матбуот-хизмати.
Эслатиб ўтамиз, яқинда "Самарқанд" халқаро аэропортининг учиш-қўниш сунъий қисми капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу аэропорт таъмирлаш учун жорий йилнинг 1-31 июл кунлари ёпилган эди.
Аэропорт жорий йил 1 август куни ўз иш фаолиятини бошлаб, биринчи бўлиб Россия UTair авиакомпаниясига қарашли бўлган самолётни қабул қилди.