ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Мирзиёев таклифидан сўнг Афғонистон президенти Ўзбекистонга ташрифга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сайид Шаҳобуддин Тимурий "Жаҳон" ахборот агентлигига Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан билдирган қутлови давомида айтиб ўтган.
Элчи Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида азалдан дўстона ва яхши қўшничилик муносабатлари мавжудлигини айтиб, икки мамлакат аҳлини тарихий савдо алоқалари, маданий ва анъанавий урф-одатлар боғлаб туриши, икки халқ битта дарёдан сув ичишини таъкидлаб ўтган.
"Албатта, мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида халқаро анжуманлар доирасида ўтказилаётган олий даражадаги учрашувлар, турли вазирлик ва идоралар ўртасида олиб борилаётган музокаралар ҳамда келишувлар савдо ва иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларнинг жадал суръатлар билан ривожланиши ва кенгайишини таъминламоқда.
Элчи фурсатдан фойдаланиб, мустақилликнинг 26 йиллиги муносабати билан ўзбек халқига самимий табрикларини ва эзгу тилакларини йўллаган.
"Ўлка фаровонлиги ва юксалиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти элнинг ғайрат ва шижоатига боғлиқдир, шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарияти ва унинг меҳнаткаш халқига бу борада катта зафарлар тилайман.
Бу шонли йўлда асло толманг, азиз биродарлар! Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин!"