Ўзбекистонда ёлғиз қолиб 10 йил қариялар уйи бўсағасидан қайтган оренбурглик момо ҳикояси

Oбуна бўлиш
Ўн йил журъат қилолмадим Самарқанд шаҳрида жойлашган Саховат уйига келишга. Ҳар сафар эшикдан қайтиб кетардим. Аммо ўтган йили барча ҳужжатларни тўпладиму, ғуруримни енгиб, келдим. Ҳозиргача нега эртароқ шу ишни қилмай, ўзимни қийнаб юрган эканман, деб ўйлайман, деб айтган Ольга момо "Зарафшон" мухбирига берган интервьюсида

ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси вакиллари Самарқанд вилоятида бўлиб, туман ва шаҳарларда маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, аҳолининг яшаш шароити, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишлашнинг ҳолати билан жойида танишмоқда. Шунингдек, бир қатор ижтимоий соҳа муассасаларида ҳам бўлиб, хайрия тадбирлари ташкил этмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев: Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак
Самарқанд шаҳридаги кексалар ва ногиронлар учун "Саховат" интернат уйида ўтказилган "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди" деб номланган акцияда бу ерда яшаётган 120 дан зиёд фуқаролар ҳолидан хабар олинди, уларга байрам совғалари топширилди. Ўз навбатида "Саховат" уйида истиқомат қилаётган юртдошларимиз уларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорликларини изҳор этишди, мамлакатимиздаги тарихий ўзгаришлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тўқсон ёшдан ошган Ольга Матвеенконинг ўз ҳаёти, тақдири тўғрисидаги ҳикояси, Ўзбекистон ҳақидаги мушоҳадалари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Шу боис уни сизлар билан ҳам баҳам кўришга қарор қилдик, деб ёзади "Зарафшон" нашри.

"Болалигим, ёшлигим Россиянинг Оренбургида ўтган, — дея сўзлаб беради Ольга Николаевна. — Мактабда жуда яхши ўқиганим учун бўлса керак, тўрт синфни икки йилда битирганман. Отам ҳарбий учувчи, онам уй бекаси эди. Эҳтимол, отамдаги қатъийлик, онамдаги тартиблилик менга ўтгандир, доим шу қоидага амал қилиб яшадим. Уруш йиллари госпиталларда ҳамшира бўлиб ишладим, хотирам яхшилиги учун бўлса керак, масъул вазифаларни ҳам бажаришимга тўғри келган.
Ўзбекистонга 1946 йилда, уруш тугаган, аммо асоратлари мамлакатнинг барча ҳудудларида ўзини намоён этиб турган паллалар келганман. Эҳ-ҳе, бу даврларни ёдга олишни ҳеч ким ёқтирмаса керак. Инсониятнинг бошига улкан жудоликларни солган бу қирғинбаротда ота-онамдан, акамдан айрилдим.

Памятник семье Шамахмудовых - Sputnik Ўзбекистон
Шомаҳмудовлар оиласидан кимлар ҳаёт? Машҳур хонадондан репортаж

Урушнинг оғир дамларини кўрган 20 ёшли қизни Ўзбекистон жуда илиқ кутиб олди. Бу ерлик аҳолининг меҳри, бир бурда нонини ҳам меҳмон билан бўлишиши, оғир йиллардан қолган яраларимга малҳам бўлди. Мен уларни ҳамшира сифатида даволасам, улар меҳри, ширин сўзи-ю далдаси билан аламларимни унутишга кўмак беришарди. Тақдиримда бор экан, шу ерда Украинадан келган ҳарбий йигитга турмушга чиқдим, фарзандли бўлдик. Узоқ йиллар Самарқанд туманидаги шифохонада доя ҳамшира, катта ҳамшира бўлиб ишладим, одамлар орасида "Оля апа" сифатида эъзоз топдим. Ҳалиям қўни-қўшниларим шу ерга, мени кўришга келишади. Йигирма саккиз йиллик доя сифатидаги фаолиятим давомида фақат икки мартагина она ўлими кузатилди. У ҳам бўлса, аёлларнинг ўз айби билан содир бўлганди. Юқорида айтганимдай, ишда ҳам, оилада ҳам тартиб, қатъият билан иш кўриш асосий маслагим бўлгани учунми, доим шу қоидаларга амал қилиб яшадим.

Кўпинча менга шунча ташвишларни юрагингиздан қандай ўтказдингиз, дейишади. 1988 йили турмуш ўртоғимдан, 2004 йилда эса Чернобиль АЭС талофатини бартараф этишда иштирок этган ўғлимдан айрилдим. Феълимдаги қатъият, ҳаётга тик қараш одати менга ёрдам берди. Қолаверса, қўни-қўшниларим, ҳамкасбларимнинг доим мендан хабар олишлари кўнглимга таскин берар, яшашга ундарди.

Хуллас, 2004 йилда яна ёлғиз қолдим. Уйдаги барча юмушларни, ишларни 70 ёшимдаям, 80 ёшимдаям ўзим бажарардим. Қарилик узоқ давом этади, деганлари рост экан. 90 га киргач, анча толиқиб қолдим-да. Айниқса, ўзим катта қилиб ўстирган неварамнинг уйимизни сотиб юбориши дард устига чипқон бўлди. Ўн йил журъат қилолмадим Самарқанд шаҳрида жойлашган Саховат уйига келишга. Ҳар сафар эшикдан қайтиб кетардим.

Аммо ўтган йили барча ҳужжатларни тўпладиму, ғуруримни енгиб, келдим. Ҳозиргача нега эртароқ шу ишни қилмай, ўзимни қийнаб юрган эканман, деб ўйлайман.

Бу ерда ходимларнинг меҳнатсеварлиги, барча шарт-шароитларнинг яратилганлигини, одамларнинг меҳрибонлигини кўриб, ҳаётимнинг бу фасли шу ерда ўтаётганига шукур қилдим. Ҳатто умуман бегона одамлар келиб, бу ердаги одамларга кўмак беришлари кишини тўлқинлантиради. Мана, бугун Президентимиз бизнинг ҳолимиздан хабар олиш учун вакил юборибди. Совғалар беришди, байрам уюштиришди, маза қилиб ҳордиқ чиқардик. Лекин 90 ёшдан ошган кампир учун энг муҳими — бу икки оғиз ширин сўз айтиб, биз сизларни асло ёлғизлатиб қўймаймиз, дейишгани бўлди. Қани айтинг, мендай одам учун бу энг катта совға эмасми ахир?

Тўғриси, ўзимни шу юртда туғилиб ўсгандай ҳис қиламан, бир неча бор кетиш учун имкон бўлди, аммо Самарқанддан узоқлашгим келмайди. Меҳри қуёшдек қайноқ ўзбек заминидан кўнгил узиб кетолмайман. Чунки, Ўзбекистон — бу менинг Ватаним, мен унинг ажралмас бир бўлагиман. Мен ёшларимизга қарата айтмоқчиман: Ватанимизни севинглар, унинг равнақи учун тинмай хизмат қилинглар, бундай юрт, бундай халқ учун астойдил хизмат қилмаслик катта хато. Бу ҳаётида кўпдан-кўп воқеаларнинг жонли гувоҳи бўлган бир нуроний онахоннинг дилидан чиқаётган самимий сўзлар, асло баландпарвоз гаплар эмас".

Янгиликлар лентаси
0