TOШКЕНТ, 15 август — Sputnik. Республикадаги олтита йирик банк 2017 йил охиригача намунавий уй-жой сотиб олишда аҳолига имтиёзли кредит бериш учун 1,6 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратади, деб маълум қилди Иқтисодиёт вазирлигидаги манба Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Ўзбекистонда бу йил 15 мингта намунавий уй-жойлар қурилиши асносида банк кредитлари ўзлаштирилади. Суҳбатдошнинг айтишича, бунга фуқароларнинг 478 миллиард сўм миқдорида қўшимча маблағлари ҳам жалб этилади.
"Молиялаштиришнинг асосий қисмини 6985та уй қурилиши учун 796 миллиард сўмга яқин маблағ ажратувчи "Қишлоқ қурилиш банк" ўз зиммасига олади. Бугунги кунга келиб банк "Қишлоқ қурилиш инвест" ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси ҳисоб рақамига 4743та уй қуриш учун 544,2 миллиард сўм ўтказган бўлиб, бундан 389 миллиард сўми имтиёзли ипотека кредитлари, 154,6 миллиард сўми аҳоли маблағларидир", — деди манба.
Бундан ташқари, банк бу йил Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Бухоро ва Наманган вилоятларида уй-жойлар қуриш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришни жорий этди. Бу умумий ҳажми 100 миллион доллар бўлган кредит линияси бўлиб, жорий йилда 40 миллион доллар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, имтиёзли ипотека дастурига "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, "Халқ банки" АТБ, "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилиш" АТБ жалб этилган. Кредитлар уч йил имтиёзли давр билан 15 йилгача муддатга берилади.