ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Тошкент вақти билан 9:00да Халқ банки ходими Олой бозорида банкомат фаолиятини "ишга туширди". Банкоматларни тўлдириш учун нақд пуллар махсус контейнерларда олиб келинди. Банк вакили аппаратнинг дастурлаш таъминотини ишга туширгач, илк фойдаланувчи пластик картадан пул ечиб олди, деб хабар қилмоқда "Уз24уз".
Хабарда айтилишича, нақд пулни ечиб олиш жараёни 1,5-2 дақиқа вақтни талаб этади. Битта картадан ҳеч қандай комиссиясиз 100 минг сўмгача пул ечиб олиш мумкин. Пуллар 10 минг, 5 минг ва 1 минг сўмлик купюраларда берилмоқда.
"Ушбу банкомат эрталаб 9:00дан кеч 18:00га қадар ишлайди. Кун давомида бу ерда тахминан 200-300 киши нақд пул ечиб олиши мумкин", — деб айтган Халқ банки Юнусобод филиали пластик карталар бўлими ходими Ғайратжон Худоёров.
Худоёровнинг сўзларига кўра, бир фойдаланувчи 100 минг сўмлик лимитга қатъий амал қилган тақдирда бир неча карталардан нақд пул ечиб олиши мумкин.
Халқ банки одамлар кўп йиғиладиган жойларда ҳам банкоматларни ўрнатишни режалаштирмоқда — улар суткада 24 соат ишлаши хабар қилинмоқда.