TOШКЕНТ, 12 август — Sputnik. "Халқ банки"нинг Тошкент шаҳар филиали томонидан пойтахтдаги Олой, Юнусобод, Қўйлиқ бозорларига банкоматлар ўрнатиб чиқилди. Банкоматлар 14 август, душанба кунидан ишлай бошлайди. Бу ҳақда uz24.uz хабар қилмоқда.
Банк матбуот хизматидан маълум қилинишича, айни пайтда мазкур қурилмаларга тегишли дастурлар ўрнатилмоқда.
Мазкур банкоматлардан бир киши бир кунда максимум 100 минг сўм ечиб олиши мумкин. Банкоматда 1 000 сўм, 5 000 сўм, 10 000 сўмгача бўлган купюралар бўлади.
Ҳозирда банкоматлар асосан бозор ҳудудида жойлашгани учун уларнинг иш режими ҳам шунга мослаштирилган. Келажакда аҳоли гавжум жойларда шундай банкоматлар ўрнатилиши режалаштирилган ва улар 24 соат давомида фаолият кўрсатади.