TOШКЕНТ, 11 август — Sputnik. Тошкент конструктив мулоқотга ва Марказий Осиёдаги ҳаттоки энг ўткир муаммоларга ҳам қўшнилар билан биргаликда оқилона муроса асосида ечим топишга тайёр, деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.
Бугун Тошкентда очилган "Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши" мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Марказий Осиё йўналиши бўйича республика томонидан қўйилган аниқ сиёсий-дипломатик қадамлар бунинг амалдаги исботи эканлигини билдирди.
"Тафсилотларни санаб ўтирмайман, энг асосийсини айтиб ўтаман: биз минтақада янги сиёсий муҳит яратишга амалда эриша олдик, қўшнилар билан сиёсий ишонч даражасини сезиларли равишда оширдик, ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида аҳамиятли натижаларга эришдик", – деди Камилов.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан умумий чегарага эга бўлган Ўзбекистон минтақанинг барқарорлик, изчил ривожланиш ва аҳил қўшничилик ҳудудига айланишидан бошқалардан кўра кўпроқ манфаатдор.
"Иқтисодий гуллаб-яшнаётган, хавфсиз Марказий Осиё биз учун муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек, транспорт-коммуникация ва энергетика характеридаги ҳар қандай йирик минтақавий лойиҳани минтақа мамлакатларининг фаол ҳамкорлигисиз, уларнинг юқори даражадаги иштирокини таъминламасдан туриб амалга ошириб бўлмайди", – деди ташқи ишлар вазири.
Камиловнинг фикрича, Марказий Осиё нафақат географик ва геосиёсий, балки ягона маданий-тамаддун макони эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Минтақада истиқомат қилаётган халқларни умумий маънавий қадриятлар, миллий урф-одат ва анъаналарнинг ўхшашлиги, умумий ўтмиш бирлаштириб туради.
Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон яқин қўшнилари билан муносабатда очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат тарафдори бўлганлигини ва шундай бўлиб қолишини таъкидлади. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатлилик тамойиллари асосида ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш учун очиқ.
Абдулазиз Камилов ўз нутқида республиканинг яқин қўшниларидан бири бўлган Афғонистон мавзусига ҳам тўхталиб ўтди.
"Марказий Осиё ҳақида гапирганда яна бир яққол ҳақиқатни унутмаслик лозим –минтақага Афғонистон тарихан,географик ва геосиёсий жиҳатдан киради. У бизнинг қўшнимиз, умумминтақавий хавфсизлик тизимининг муҳим ва ташкилий қисми", – деди у.
Вазир шу ўринда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг барқарор ва гуллаб-яшнаётган Афғонистон Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик гарови эканлиги ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирди. Афғонистоннинг тинчлик йўлига қадам қўйиши кўп жиҳатдан минтақадаги мамлакатлар иштироки лозим бўлган иқтисодий ривожланишга боғлиқ.
Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари нутқи сўнгида шу йилнинг ноябрида Самарқандда БМТ шафеълигида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик" номли халқаро конференция бугунги учрашувнинг мантиқий давоми бўлишига умид билдирди.