ТОШКЕНТ, 11 август — Sputnik. 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанба куни "Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни" деб эълон қилди. Бу ҳақда президент расмий сайти хабар қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, "Давархитекткурилиш" қўмитаси, мутасадди вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар "Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни"ни соҳага мос тарзда ва тантанали равишда нишонлашни таъминлаш ҳақида топшириқ берилди.
Тасдиқланган мақсадли дастурлар доирасида арзон намунавий уй-жойлар, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларидан ташқари, йирик иншоотлар ва инфратузилма объектлари ҳам фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида "Бунёдкор" стадиони, "Хаятт Риженси" меҳмонхонаси, "Инҳа" университети филиали, "Минор" масжиди, Фарғона шаҳрида санъат саройи ва футбол стадиони, Жиззах шаҳрида стадион ва универсал спорт комплекси, Урганч шаҳрида универсал спорт комплекси ва Навоий кончилик институти бино-иншоотлари замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 август куни имзоланган фармонига асосан қурилиш соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, замонавий бино ва иншоотларни барпо этиш, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, соҳага оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ қурилиш соҳаси ходимлари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.