ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Самарқандда аквапарк қурилмоқда, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
"Мажмуада айниқса, хотин-қизларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шароитлар яратилади, улар учун алоҳида сауна-бассейнлар, гўзаллик салонлари, фитнес заллари бўлади. Ҳозирда дастлабки қурилиш ишлари тугалланган иккита йирик бассейн атрофида сунъий тезоқар сувли йўлак, яъни тўлқинли ҳовуз қурилади", — деб қўшимча қилган Ибрагимов.
Маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитларга эга бўладиган аквапарк ҳудудида муз устидаги спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган "Муз саройи"ининг қурилиши қувончли янгилик. Бу ўз навбатида, Самарқандда фигурали учиш мактабига асос солинишига замин яратади.
Умумий майдони 3,5 гектар, атрофи дарахтзор аквапарк ҳудудига қўшимча равишда мингга яқин ноёб дарахтлар, буталар, гуллар экилади. Соябонлар қўйилади. Ҳудуддаги кўпйиллик дарахтлар сақлаб қолинади, фақатгина сув ҳавзаси бўйидаги бир нечта дарахтлар олиб ташланиши мумкин. Йирик бассейнга ўрнатиладиган сув парки тепалиги 15 метр баландликда бўлиб, конструкциялар Хитойдан келтирилади.
Қурилиш ишлари 2018 йилнинг 10 майига қадар давом этади.
Бундан ташқари, ҳудудда 6 қаватли замонавий меҳмонхона бунёд этилиб, унда дам олувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Мавсумий 50 дан зиёд ва яна доимий 50 та иш ўрни яратилади.
Янги аквапарк билан туташ, 7 гектар майдонда жойлашган "Суғдиёна" истироҳат боғида ҳам аҳоли дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Истироҳат боғи 2014 йилда қайта таъмирланган бўлиб, ўтган вақт давомида янги замонавий аттракционлар келтириб ўрнатилди.
Ҳозирда мазкур истироҳат боғида "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивали меҳмонларини қабул қилиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда".