TOШКЕНТ, 10 август — Sputnik. "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивалида 56 давлатдан 250 нафар хорижлик санъаткорлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда фестиваль ижрочи директори Т.Холиқовга таяниб uz24.uz хабар бермоқда.
Хабарга кўра, шу кунга қадар 120 га яқин бадиий жамоалар орасидан 38 та жамоа саралаб олинди. Ушбу мусиқа анжумани тарихида кузатилмаган Ямайка, Малави, Мяньма ва Уругвай давлатлари вакиллари иштирокини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бориляпти.
Фестивалнинг аҳамиятини янада ошириш, дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистон мусиқа маданиятига қаратиш мақсадида 20 га яқин хорижлик мутахассислар иштирокида махсус давра суҳбатлари, тақдимотлар ва маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилган.
Фестиваль доирасида "Шарқ халқлари мусиқа маданияти миллий анъаналарининг шаклланиши ва ривожланиши" мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилади. Унда 20 дан ортиқ хорижлик таниқли мусиқа мутахассислари, олимларнинг иштирок этиши кўзланган.
Шунингдек, анжуманга фахрий меҳмон сифатида ЮНЕСКО, МДҲ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Кореянинг Андонг, Хитойнинг Шанхай халқаро мусиқа фестиваллари вакиллари таклиф қилинган.
Бу сафар АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Эстония, Қувайт, Индонезия, Бангладеш, Россия ва ўзбекистонлик мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати шакллантирилди.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги хабар беришича, фестиваль муносабати билан шаҳар кўчалари, хиёбонлар байрамона безатилмоқда, замонавий тунги ёритиш ускуналари билан таъминланмоқда.
Айни пайтда шаҳар кўчаларига Россиядан келтирилган 1,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди. Икки миллион туп гул кўчатлари ўтқазиш ишлари бошлаб юборилди. Анжуман бошлангунга қадар шаҳарнинг 20 та йирик йўл чорраҳаларида композицияли гулзорлар барпо қилиш, марказий кўчалар кесишмасида мустақиллик йиллари эришилган ютуқларни видеороликлар ёрдамида намойиш этиш мақсадида катта ҳажмдаги 7 та монитор, самарқандликлар ҳамда хорижлик сайёҳларга анжуман иштирокчилари чиқишларини ташкил этиш учун 5 та йиғма саҳна ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Тадбирларни хориж оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида 15 га яқин давлатлардан 25 нафар журналист жалб этилмоқда.