ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Қадимий ва навқирон шаҳримизда бу йил ўн биринчи бор «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўтказилади, деб хабар қилди Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Хабарда айтилишича, вилоят ҳокимлигида мазкур нуфузли фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Таъкидландики, айни пайтгача бўлган маълумотларга кўра дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 500 нафардан зиёд мусиқашунослар, хонанда ва созандалар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиши кутилаётган бу галги анжуманни авалгилариданда файзли, шукуҳли ўтказишга нафақат Самарқанд шаҳри, балки туманларда ҳам катта иштиёқ билан ҳозирлик кўриш лозим.
— Самарқанд шаҳри ҳамда туманлар кўчаларини ободонлаштириш, анжуман қатнашчиларини кутиб олиш дарвозалари — аэропорт ҳамда темир йўл вокзали, улар жойлашадиган меҳмонхоналарда халқаро андазаларга мос, сифатли сервис хизматларини кўрсатиш даражаси халқимизнинг меҳмондўстлиги, давлатимизнинг салоҳиятини намоён этиши керак, — деди ҳоким. — Тайёргарлик жараёнларида майда ишнинг ўзи бўлмайди.
Кези келганда, меҳмонлар билан ўзаро яқин мулоқотда бўлиш, уларни шаҳримиз обидалари, бугунги ҳаёти билан таништириш мақсадида инглиз, хитой, корейс, япон, испан, француз, немис, итальян, араб, турк, рус тилларида бемалол сўзлаша оладиган профессор-ўқитувчилар ва талабалардан иборат таржимон ҳамда гидлар танлансин. Иштирокчиларга транспорт, ошхона ва бошқа хизматларни кўрсатувчилар тиббий кўрикдан, уларнинг сиёсий, ижтимоий билимлари суҳбатдан ўтказилиши, махсус кийимлар билан таъминланиши шарт.
Шунингдек, тадбирда меҳмонларни тарихий обидалар, саноат корхоналари, мустақиллик йилларида қурилган бошқа объектлар билан таништириш, қатнашчилар иштирокида Самарқанд, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё, Пастдарғом ва Ургут туманларидаги маҳалла, ўқув муассасалари ва истироҳат боғларида концерт тадбирларини савиялиташкил этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Регистон майдони ва тадбир ўтадиган бошқа майдонларда халқ амалий санъати асарлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, Самарқанд ноз-неъматларидан композициялар, фестивалга доир илмий-ижодий конференция, чет эл ҳамда маҳаллий журналистлар учун матбуот анжуманлари ташкил этиш бўйича масъулларга вазифалар топширилди.