ТОШКЕНТ, 9 август — Sputnik. Қашқадарё вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Ўзбекистон президентининг совғаси — янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар тантанали топширилди. Бу ҳақда Uzbekiston24 телеканали хабар берди.
Хабарда айтилишича, Шаҳрисабз туманидаги Шаматон қишлоғида яшовчи Гавҳар Нафасова II гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи руҳий касал. Гавҳарнинг ота-онасининг уйида, кичкина ҳовлида беш оила, 16 киши истиқомат қилади. Бугун Гавҳарга президент номидан Шаҳрисабз шаҳридаги Буюк ипак йўли кўчасида қад ростлаган кўп қаватли уйдан бир хонали квартиранинг калити топширилди.
Жорий йилда 385 нафар ногирон ва ишга лаёқатсиз бўлган фуқаролар замонавий уйлар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Фарғона вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган хотин-қизларга Шавкат Мирзиёевнинг совғаси — янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар топширилганлиги ҳақида хабар берган эдик.