TOШКЕНТ, 9 август — Sputnik. Россиянинг энг йирик интернет қидирув портали бўлган Яндекс, МДҲ ҳудудида энг йирик банк тармоғига эга бўлган "Сбербанк" билан қўшма корхона тузмоқда, деб хабар қилди РИА Новости.
Янги корхона Яндекснинг товар ва маҳсулотларни онлайн сотишга мўлжалланган хизмати "Яндекс.Маркет" асосида ташкил қилинади. Иккала томон ҳам янги лойиҳага 30 миллиард рублдан сармоя киритишади.
Янги корхона электрон коммерция тизимини ривожлантиришга қаратилган бўлади. У ерда маҳсулотни сотиш ва сотиб олиш, рақамли технологияли товарлар ва улар билан боғлиқ бўлган маҳсулот ва хизматлар сотишни назарда тутган.
"Яндекс.Маркет" вакилининг сўзларига кўра, қўшма корхона бошқарув логистикаси, харид қилинган маҳсулотни еткизиб бериш логистикасини ривожлантириш борасида фаол ҳаракат қилади.
Шунингдек, компания вакили келажакда "Яндекс.Маркет" бошқа мамлакатлар ҳудудига экспансия қилиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, айни дамда "Яндекс.Маркет" Россия ва МДҲнинг айрим мамлакатларида ишламоқда.
"АҚШ ва Хитой каби мамлакатларда электрон тижоратда йирик иштирокчилар яққол кўзга ташланиб турибди. (Amazon, Alibaba) Россияда эса бундай компания йўқ. Янги корхонанинг мақсади ана шундай компаняга айланишдир", — деди Сбербанк вакили.
"Яндекс.Маркет" — Россия интернет-савдо бозорида энг йирик иштирокчиларидан биридир. 2016 йил якунларига кўра, компания обороти 100 миллиард рублни ташкил қилди. Ҳар ой "Яндекс.Маркет" саҳифаларига 20 миллиондан ортиқ одам киради. Бугунги кунда "Яндекс.Маркет"да 20 мингга яқин интернет магазинлар ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф қилишмоқда.