ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Андижонда автомашиналарни тунаб кетаётган шахс қўлга олинди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, Андижон туман "Ойжамол" маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида номаълум шахс фуқаро Ш.Мга тегишли бўлган "Spark" автомобилини тунаб кетган. Жиноятчи автомашина олди эшигини темир жисм билан очиб, автомашина салонида бўлган 3 дона уяли телефон аппарати, 100 АҚШ доллари ва 1 миллион 900 минг сўм миқдоридаги маблағларни ўғирлаб кетган.
Кўрилган чоралар натижасида номаълум шахс ушланган, у Андижон шаҳрида яшовчи 1971 йилда туғилган Э.Б бўлиб чиққан.
Фуқаро ёнидан топилган 100 АҚШ доллари, 1 дона телефон аппарати ва 450 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Вазирлик хабарига кўра, айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.