ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ ва сув хўжалиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 5434-сонли қарорни имзолади.
Унда айтилишига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сув тежаш технологиялари, инновациялар ва сувдан фойдаланиш самарадорлигига жиддий эътибор берилмаяпти.
Ушбу соҳада вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадида президент, Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқарувини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Хусусан, Қуйи Сирдарё, Қуйи Амударё ва Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари қайтадан ташкил этилиб, уларнинг ўрнига Қуйи Сирдарё, Сирдарё-Зарафшон, Қуйи Амударё, Амударё соҳили чап қирғоғи, Зарафшон ва Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ташкил қилинади.
Ундан ташқари, қишлоқ ва сув хўжалигида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш Маркази пайдо бўлади. Ушбу Марказ чет эл сармояларини жалб қилиш, имтиёзли кредитлар ва грантлар бериш, самарали инвестицион лойҳалар амалга ошириш, тендерлар ўтказиш, шартномалар имзолаш ва бошқа ишлар билан шуғулланади.
Бошқарув кадрлари фаолиятида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бундан буён вилоят ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида вилоятлар қишлоқ ва сув хўжаликлари бошқармалари раҳбарлари вазифасини бажаради. Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Қорақалпоғистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири вазифасини бажаради.
Шунингдек, бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевга Сентябрь ойининг охирига қадар қишлоқ хўжалиги соҳасини таъминловчи инфрақурилма объектларининг тўлиқ рўйхатини тузиш топширилди. Ундан ташқари, Мирзаев қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар орасидаги муомалаларни белгилайдиган барча норматив ҳужжатларни ҳам рўйхатдан ўтказиши керак.
Ушбу маълумотлар асосида 2018 йилнинг 1 январига қадар қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатаётган барча ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги ҳужжат ишлаб чиқарилади.