TOШКЕНТ, 5 август — Sputnik. Бугун эрталаб саккизларда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус самолёти Қирғизистондаги йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган ўзбекистонликларни Тошкентга олиб келди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев зудлик билан жарроҳлик операцияси қилиниши керак бўлган ўн ёшли Игорь Орлов ҳамда ЙТҲда жабрланган яна беш нафар фуқарони Тошкентга олиб келиш учун бир гуруҳ шифокорлар ҳамроҳлигида Қирғизистонга ФВВ самолётини жўнатиш топшириғини берганди.
Самолёт қўнганидан сўнг Игорь Орлов пойтахтдаги клиникалардан бирига ётқизилди.
Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Қирғизистондаги Иссиқ-Кўл вилоятининг Қизил Ўрук қишлоғи ҳудудида микроавтобус ва енгил машина иштирокида ЙТҲ юз берганди.
Автоҳалокат оқибатида 9 киши жабрланган бўлиб, уларнинг 6 нафари ўзбекистонликлар бўлган.