TOШКЕНТ, 3 август — Sputnik. Бугун Қирғизистоннинг Иссиқ-Кўл вилоятида содир бўлган ЙТҲ ҳақида хабар берган эдик. "Вестник Бишкека" ушбу автоҳалокат тафсилотларини маълум қилди.
Хабарда айтилишича, йўл-транспорт ҳодисаси бугун эрталаб тахминан 11ларда Қизил-Ўрук қишлоғида юз берган.
"Фольксваген ЛТ-35" микроавтобуси ва "Мазда Примаси" енгил автомобили бир-бири билан тўқнашиб кетган.
Микроавтобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар Чўлпон-Ота шаҳридаги касалхонага жойлаштирилган. Енгил машинада бўлган икки нафар Бишкек фуқароси ҳам касалхонага ётқизилган.
Иссиқ-Кўл ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, Чон-Сари-Ой қишлоғида жойлашган Good luck дам олиш зонасида рақс фестивали бўлиб ўтган ва унда 13 нафар хорижлик меҳмонлар ҳам қатнашган.
"Фестивал якунлангач, улар "Манас" аэропортидан учиб кетиш учун Бишкек томон йўлга чиқишган. Аммо Балиқчи-Ананьево-Қоракўл автойўлининг 17-километрида, Қизил-Ўрук қишлоғи яқинида ичида ўзбекистонликлар бўлган "Фольксваген ЛТ-35" микроавтобуси "Мазда Примаси" билан тўқнашиб кетган, — деди Иссиқ-Кўл вилояти ИИБ матбуот хизмати бошлиғи Сталбек Усубакунов.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, жароҳат олган Ўзбекистон фуқаролари қуйидагилардир:
О.Е., 1976 йилда туғилган. Травматология бўлимига ётқизилган. Ҳолати барқарор.
О.В., 2006 йилда туғилган. Травматология бўлимига ётқизилган. Ҳолати барқарор.
О.И., 2006 йилда туғилган. Реанимация бўлимига ётқизилган. Ҳолати ўртача оғир.
О.Л., 1952 йилда туғилган. Травматология бўлимига ётқизилган. Ҳолати барқарор.