TOШКЕНТ, 5 август — Sputnik. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳуқуқни ҳимоя қилувчи бошқа органлар ходимлари билан биргаликда Тошкент архитектура-қурилиш институтига ўқишга қабул қилишда фирибгарлик билан шуғулланиб келган гуруҳни қўлга олишди. Бу ҳақда Подробно.уз хабар қилмоқда.
Хусусан, ушбу олийгоҳнинг 2-курс талабаси Шавкат Рўзматов абитуриентни ТАҚИга ноқонуний йўл билан киритиш мақсадида 5 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинди.
Дастлабки суриштирув давомида бу пулнинг бир қисми мазкур олийгоҳнинг 4-курс талабаси Мирсодиқ Мирҳамидов, вақтинча ишсиз Мансур Муродов, ТАҚИ меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Алишер Сангиров ўртасида тақсимланиши лозимлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Сангиров қўлга олинаётган вақтда унинг автомобилида ТАҚИнинг молия-хўжалик ишлари бўйича проректори Бахтиёр Болибеков ҳам бўлган. Дастлабки терговда бу жиноий гуруҳнинг раҳбари айнан Болибеков бўлганлиги аниқланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Рўзматов, Мирҳамидов, Сангиров ва Муродовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-(Фирибгарлик) ва 211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилади.
Болибековга нисбатан 168-(Фирибгарлик) модда бўйича жиноят иши қўзғатиш режалаштирилган.