ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Яқинда фош этилган GM Uzbekistan машиналарини сотиш билан боғлиқ йирик жиноий схема воқеасидан сўнг компания сотув тизимини такомиллаштиришга қарор қилди.
Компания бу ҳақда ўз расмий сайтида ахборот берган.
GM Uzbekistan берган хабарга кўра айни вақтда компания томонидан ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, улар автомобиллар сотуви тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишади.
Компания хабар беришича ташкилий чоралар доирасида дилерлик корхоналарини ходимлари аттестациядан ўтказилиб, истеъмолчиларга автомобилни реализация қилиш бевосита вазифасига кирувчи ишчилар таркибини қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Сирдарё вилояти МХХ ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда GM Uzbekistan автомобилларини сотишда товламачилик билан шуғулланган "Сирдарёавтотеххизмат" МЧЖ автосалони директори Абдумурод Ҳақбердиевни қўлга олишгани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳақбердиев Иккинчи жаҳон уруши фахрийсининг "Каптива" автомобили олиш учун имтиёзли сертификатидан фойдаланиш эвазига фахрийга 10 миллион сўм беришни ваъда қилган. Ҳақбердиев уруш фахрийсига 9 Май байрами муносабати билан тақдим этилган сертификатни бошқа одам номига расмийлаштирмоқчи бўлган. Ҳақбердиев машинани бозор баҳосидан анча арзон сотиб олиш имконини берувчи товламачилик схемасини яратган. У бу хизмати учун машина нархининг 50% қисмини пора сифатида олган.