ТОШКЕНТ, 3 август — Sputnik. GM Uzbekistan компанияси Facebook'даги саҳифасида МХХ томонидан автомобилларни сотишда фирибгарлик билан шуғулланган "Сирдарёавтотеххизмат" МЧЖ ходими Абдумурод Ҳақбердиевнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.
Ахборотда айтилишича "GM Uzbekistan" АЖ коррупциянинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралайди ва корхона фаолиятига алоқадор бўлган ва автомобилларнинг реализацияси жараёнида ноқонуний равишда бойишга ҳаракат қилувчи ҳар қандай мансабдор шахс ёки ташкилотга нисбатан муросасиз позицияси ҳақида маълум қилади".
Бундан ташқари, компания томонидан коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилган. Улар орасида савдонинг янги тизими, шартнома олиш учун мурожаатларни электрон рўйхатдан ўтказишни жорий этиш, автомобилларни тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, GM Uzbekistan ва дилерлик корхоналарининг барча ходимлари ўртасида кенг тушунтириш ишларининг олиб борилиши бўйича тадбирлар бор.
"Компания ва барча дилерлик ташкилотларнинг ҳар бир ходими ноқонуний бойиш мақсадида коррупция ва фирибгарликнинг исталган кўринишига йўл қўймаслик бўйича ёзма мажбуриятни ўзига олган", — дейилади компания ахборотида.
Бундай мажбуриятлар автомобилларни сотиш соҳасида фаолият кўрсатувчи ташкилотлар билан индивидуал дилерлик келишувларига киритилган. Ушбу ҳолатлар ноқонуний бойиш усулларидан фойдаланиш бўйича қандайдир фактлар аниқланса, турли жавобгарлик чоралари, хусусан, барча шартнома мажбуриятларини бекор қилишни назарда тутади.
Компания ахборотида қайд этилишича, Абдумурод Ҳақбердиев дилерлик ташкилотларининг барча ходимлари каби, 2017 йил январида ёзма кўринишда бу мажбуриятни ўз бўйнига олган. "Бироқ шунга қарамай, ушбу шахс ноқонуний ҳаракатлари оқибатлари қанчалик жиддий экани ва жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррарлиги тамойилини охиригача англамаган кўринади", — дейилади ахборотда.
Шу билан бирга, аниқ бир шахснинг ушбу ҳаракатлари алоҳида ҳолат бўлиб, "GM Uzbekistan" АЖ автомобилларининг реализацияси бутун тизими ҳақида фикр қилинмаслиги лозим.
"GM Uzbekistan ва барча дилерлик ташкилотларнинг ходимларининг автомобилларни сотилишидаги ҳар қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари, қўшимча пул маблағларни таъмагирлик қилиш ҳолатлари бўйича зудлик билан ишонч телефони 147-14-14 рақамига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришингизни сўраймиз", — дейилган ахборот якунида.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилояти МХХ бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда GM Uzbekistan автомобилларини сотишда товламачилик билан шуғулланган "Сирдарёавтотеххизмат" МЧЖ автосалони директори Абдумурод Ҳақбердиевни қўлга олинганлиги ҳақида хабар берган эдик.