Халқ артистлари раҳбарликка тайинланадиган бўлди

Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президенти Афзал Рафиқовни ёш дикторлар мактабига раҳбар қилиб қўйишни, шунингдек, мақом йўналишида янги коллеж ёки мусиқа мактабини очиб унга машҳур созанда Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиб тайинлашни таклиф қилди

ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ўтказган йиғилишда бугунги кунда маданият соҳаларида мавжуд муаммо ва камчиликларнинг туб илдизлари малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
"Унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради": Мирзиёев хонандаларни танқид қилди
"Айни вақтда, республика театрларида 45 фоиз ижодий ходимлар тегишли олий маълумотга эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётгани, туманларда жойлашган болалар мусиқа ва санъат мактабларида ишлаётган ўқитувчиларнинг 72 фоизи ўрта махсус маълумотга эга экани ҳам барчамизда жиддий ташвиш уйғотади.

Яқинда Қўқон шаҳар мусиқали драма театрига борганимизда ҳам худди шундай аҳволга дуч келдик. У ерда ишлаётган жами 53 нафар ижодий ходимнинг атиги 11 нафари олий маълумотга эга, холос. Қолган 42 нафарини ўрта махсус ва ўрта маълумотга эга ходимлар ташкил этади. Албатта, бу муассасаларда ишлаётган ёш йигит ва қизлар астойдил интилиб ҳаракат қилаётган бўлса-да, барибир уларнинг фаолиятида зарур билим ва малака етишмаётгани сезилиб турибди.

Шунинг учун ҳам аввало маданият ва санъат йўналишидаги олий ўқув юртлари, лицей ва коллежлар, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Мана, юртимизда қанча болалар мусиқа ва санъат мактаблари бор, айни вақтда миллий адабиётимиз ва санъатимизнинг атоқли намояндалари номида янги ижодий марказлар ташкил қиляпмиз. Хўш, уларда кимлар меҳнат қиляпти? Ёшларимизга ижод сирларини кимлар қай даражада ўргатяпти? Таниқли санъаткорларимиз, ёзувчи ва шоирларимизнинг бу мактаблар билан алоқаси қандай?

Хабарингиз бор, яқинда юртимизда атоқли санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик юбилейи катта тантана билан нишонланди. Ушбу тадбирларда бу ерда ўтирган кўпчилик ижодкорларимиз иштирок этди. Қўшни республикалардан — Қозоғистондан, Тожикистондан меҳмонлар келди. Машҳур ҳофиз Жўрабек Муродовнинг самимий сўзларини ҳаммамиз ҳаяжон билан эшитдик.

Қаранг, Комилжон Отаниёзовнинг нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиё бўйича қанча-қанча шогирдлари бор экан. Шу гапларни эшитганда, шахсан мен, буюк ҳофизимизнинг қўшиғидан ҳам шогирди кўп экан, деб ўйлаб қолдим.

Поёт Комилжон Отаниёзов - Sputnik Ўзбекистон
Ёш санъаткорларга сабоқ: Комилжон Отаниёзов ҳақида китоб чоп этилди
Қани, айтинг-чи, бугун қайси Халқ артистимиз ўзининг шундай муносиб шогирдлари борлиги, шогирдпарварлиги билан мақтана олади? Шу саволлардан келиб чиқиб, сизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Республикадаги ҳар бир мусиқа ва санъат мактабига, ижодий марказларга таниқли адабиёт, санъат ва маданият намояндаларини бадиий раҳбар ёки директор сифатида тайинласак, улар учун барча шарт-шароитларни яратиб берсак, нима дейсизлар?

Мана, даврамизда Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар, Гулсанам Мамазоитова каби Халқ артистлари ўтирибди. Сизларнинг ҳар бирингиз биттадан санъат коллежи ёки мусиқа мактабига бориб раҳбарлик қилсангиз, мен ўйлайманки, бундан санъатимиз фақат ютган бўлар эди. Айни вақтда юзлаб шогирдлар етиштириб, ўзингизга ҳайкал қўйган бўлардингиз.

Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовни ёш дикторлар мактабига раҳбар қилиб қўйсак, иқтидорли ёшларимиз у кишидан жуда кўп билим ва тажрибаларни ўрганган бўлар эди.

Машҳур созандамиз Абдуҳошим Исмоиловнинг мақом ансамблига раҳбарлик қилиши албатта яхши. Лекин у кишининг ижодий салоҳиятидан ёшлар ҳам баҳраманд бўлса, нур устига нур бўларди. Мен мақом йўналишида янги коллеж ёки мусиқа мактаби очишни, унга Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиб тайинлашни таклиф қиламан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев: адабиёт ва санъат, ОАВларнинг бизнесга айланишига йўл қўймаймиз
Биз халқимизнинг ноёб мероси бўлган мақом санъатини нафақат юртимизда, балки бутун дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш, керак бўлса, халқаро миқёсда мақом танловларини ташкил этиш устида ишлашимиз керак.

Сизларга маълум, ҳозирги вақтда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус шаҳридаги филиали муваффақиятли фаолият кўрсатяпти. Шу ижобий тажрибани давом эттирган ҳолда, Қўқон шаҳрида ҳам мазкур институтнинг филиалини ташкил этяпмиз. Бу ўқув юрти Фарғона водийси вилоятлари учун юқори малакали маданият ходимларини тайёрлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Қўқон шаҳрида санъат аҳли учун янги кўп қаватли турар жой биноси ҳам қуриб фойдаланишга топширилади", — деган ўз нутқи давомида президент.

Юқорида зикр этилган барча масалаларни комплекс ҳал этиш бўйича Бош вазир А.Арипов, Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов, А.Юнусхўжаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, халқ таълими вазири У.Иноятов, маданият вазири М.Муратов, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.Зокиров бир ой муддатда тегишли таклифлар киритишлари зарур.

Янгиликлар лентаси
0