ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг қудратли овози, улуғ шахсияти эл ичида афсоналарга айланган. Заҳматкаш журналист Абдулла Сафоевнинг яқинда пойтахтдаги "Турон замин зиё" нашриётида чоп этилган "Устоздан қолган дунё" китоби Комилжон Отаниёзов ҳаёти ва ижодининг янги қирраларини кўрсатувчи манбадир, деб хабар қилди Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот-хизмати.
Мендан олдин ким келса гўзал санъат ичига,
Барчасини пеш тутдим, бўлди ходироҳ менга.
Дарҳақиқат, бу мисралар улуғ ҳофиз санъатининг камтарона, холис ва гўзал тасвирларидир. Муаллиф Комилжон Отаниёзовнинг бошқа бир қанча дурдона қўшиқларининг яратилишини ҳам ўзига хос йўсинда ёритишга ҳаракат қилган. Комилжон Отаниёзовнинг улуғ санoаткор бўлишида оилавий муҳитнинг ўрни катта. Отаси шоир, таржимон, мударрис, "Қуръони Карим"ни ёд олган Отаниёз Ниёзийнинг ажиб хислатлари ҳофиз истеъдоди ва шахсиятининг шаклланишига асос бўлганлиги шубҳасиз. Бу ҳақда китобнинг "Ота изидан бориб…" қисмида батафсил ҳикоя қилинган. Айниқса, Комилжон Отаниёзовнинг бадиҳагўй шоирлиги, Республикамизнинг қайси ҳудудига борса, шу гўшани улуғловчи шеърий туҳфа тайёрлаганлигига урғу берилган", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, муаллиф ушбу китобида буюк санъаткорнинг сермазмун ҳаёти, жўшқин ижодий фаолияти, саҳна ортидаги қувонч ва ташвишлари, изтироблари ҳақида янги маълумотлар беради.
"Устоз санъаткор ҳикматлари" билан танишган, санъат оламига кириб келаётган ёшлар сўз танлай билиш, бадиият мезонлари, инсонийлик ва меҳр-оқибат, маънавият, санъаткор одоби ҳақида тегишли сабоқ оладилар. Асл санъат фидойиси қандай бўлмоғи лозимлигини англаб етадилар" ", — деб таъкидланган хабарда.
Қайд этилишича, китобдан шунингдек, Комилжон Отаниёзовнинг замондошлари, уни яхши билган, бой ижодий меросидан баҳраманд бўлган Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Ёқубов, Тамарахоним, Ваҳобжон Фаёзов, Санъат Девонов, Ориф Алимахсумов, Эгам Раҳим, Эркин Самандар, Сафарбой Рўзимбоев каби улуғ, таниқли инсонларнинг буюк ҳофиз ҳақидаги фикрлари, мулоҳазалари ўрин олган.