ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Куни кеча "Ўзбекконцерт" давлат муасасаси томонидан "Туркистон" саройида "Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин" мавзусида эстрада хонандалари билан йиғилиш ташкил этилди, деб хабар қилди "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси матбуот-хизмати.
"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори в.в.б. А.Ҳайдаров сўзга чиқди.
"Бошқалар билмаса ҳам, биз ўз қадримизни, ноёб истеъдодимизни асраб-авайлашимиз, санъаткорнинг номини, шаъни ва обрў эътиборини ҳимоя қилишимиз зарур. Шундай қўшиқлар айтайликки, қўшиқнинг қудратини тушунган имонли, эътиқодли кишилар сизларни ўғил қизларига ибрат қилиб кўрсатсин. Ҳамма ҳам санъаткор бўлолмайди, фақат Оллоҳ суйиб истеъдод ато этсагина ўша инсон эл назарига тушадиган хонанда бўлиб танилиши мумкин.
Ачинарли томони шундаки, одатда эстрада хонандаларининг фаолиятини кўплаб бошқа касб эгалари танқид қилади.
Бугунги йиғилиш ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, хонандаларни қийнаётган муаммолардан хабардор бўлиш, келгусида ўзаро келишиб, маслаҳатлашиб ишлашдан иборат" — деди у.
Эстрада хонандалари маданият ва санъат йўналишининг кўпчилигини ташкил этадиган жамоа ҳисобланади. Барча аҳил, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлса, орадаги масъулиятсиз, фақат ўзини ўйлайдиган айрим санъаткорларни иложи борича тарбияланиши, агар инсофга келмаса, улар ўз-ўзидан санъаткорлар сафидан чиқиши таъкидланди.
"Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин" мавзусидаги йиғилиш сўнгида Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир жамоа бўлиб ишлаб, ижод қилишга келишилди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.