TOШКЕНТ, 4 август — Sputnik. Жиззах вилояти Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда Жиззах политехника институти ўқитувчиси 42 ёшли Бердиёр Қурбоновни 3,5 минг доллар олаётганида қўлга олишди.
У пенсионернинг ўғлини ўқишга киритиб қўйишда ёрдам беришини айтиб пул сўраган.
"Қурбоновни қўлга олиш чоғида унинг ёнидан ноқонуний фаолиятини исботловчи ашёвий далиллар топилди. Хусусан, унинг ёнидан фуқаролардан Жиззах политехника институтига киритиб қўйиш учун қанча миқдорда пул олганлиги ҳақидаги ёзувлар битилган блокнот ва уяли телефон топилди", — деди МХХ ходими.
Шунингдек, абитуриентлар ва ўқишга киришда ёрдам берувчи кишиларнинг исмлари, фотосуратлари, телефон рақамлари ва тест синовлари вақтида Б.Қурбонов фойдаланишни мўлжаллаган бошқа маълумотлар ҳам борлиги аниқланди.
Дастлабки суриштирув тадбирлари давомида Бердиёр Қурбонов айбига тўлиқ иқрор бўлди. Айни пайтда унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида унинг шерикларини аниқлаш бўйича иш олиб борилмоқда.