TOШКЕНТ, 3 август — Sputnik. GlobUz пластик карталари эгалари хорижда ҳам картани миллий валюта билан тўлдириши ҳамда товар ва хизматлар учун пул тўлашда фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда "UzNews.uz" Ягона умумреспублика процессинг марказига (ЯУПМ) таяниб хабар берди.
Шу йилнинг июлида Ўзбекистонда ЯУПМ томонидан ишлаб чиқилган GlobUz тўлов тизими пайдо бўлганди.
Бугунги кунга келиб ЯУПМ тизимига Ipoteka Bank, Xalq Banki, Turon Bank, Hi-Tech Bank, Asia Alliance Bank, Agrobank, UT Bank, InFinBank, Ipak Yo"li Bank банклари уланган ва GlobUz карталари эмиссияси бошланган.
GlobUz карталари 5 дақиқа ичида берилади – мижоз керакли ҳужжатларни расмийлаштиргунча карта тайёрланади ва мижозга топширилади.
GlobUz тўлов карталари NFC технологияси билан жиҳозланган бўлиб, картани терминалга солмасдан, терминал юзасига тегизиш орқали ҳам тўловни амалга ошириш мумкин.
Ҳозирда ЯУПМ Visa, MasterCard ва China UnionPay тўлов тизимлари билан музокаралар олиб бормоқда. Тез орада Ўзбекистонга келган хорижликлар GlobUz терминаллари орқали Visa, MasterCard ва China UnionPay карталарида тўловни амалга оширишлари мумкин бўлади. GlobUz карталари эгалари эса хорижга сафар қилганида ёки интернет магазин орқали савдо қилганида ўз карталари орқали тўловни амалга оширишади.